Қарши ОПСТТМ тарбияланувчиси Муниса Одилова Ўзбекистон рекордини янгилади
Хабарингиз бор, айни пайтда пойтахтимиздаги Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказидаги замонавий оғир атлетика залида катталар ва ёшлар U-20) ўртасидаги Ўзбекистон кубоги беллашувлари давом этмоқда. Мусобақанинг дастлабки кунида нафақат шиддатли баҳслар, балки рекорд натижа билан ҳам ёдда қолди.
Қувонарлиси, катталар ўртасида -49 кг. вазн тоифасида иштирок этган Қарши Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази тарбияланувчиси Муниса Одилова силтаб кўтариш баҳсида 92 кг натижа қайд этиб, ёшлар ўртасида Ўзбекистон рекордини янгилади.

Истеъдодли спортчи икки кураш якунига кўра 165 кг оғирликни бўйсундириб, 2 та олтин медал соҳибасига айланди.

Шунингдек, Қарши ОПСТТМнинг яна бир спортчи-ўқувчиси Дилноза Ғоппорава ҳам ёшлар ўртасидаги кубок беллашувларининг 49 кг. вазн тоифасида икки кураш натижасига кўра, 2 та олтин медални қўлга киритиб, "спорт устаси" талабини бажарди.

Шу тариқа Қарши ОПСТТМ жамоаси мусобақа жадвалида 4 та олтин билан етакчилар қаторида бормоқда. Мусобақа 15 сентябрга қадар давом этади.
Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади

Фикрлар