Қайси клубларимиз устидан энг кўп аризалар тушмоқда? Келишилган ўйинларга қарши курашиш учун қандай тизим яратилди? Ўзбекистон футболчилар уюшмаси раҳбари барчасига ойдинлик киритди

Собиқ футболчи Камолиддин Мурзоев барчамизга яхши таниш. У бир қатор клубларимиздаги фаолияти орқали тажриба орттирган. Бироқ жароҳатлар туфайли Мурзоев фаолиятини бошқаларга нисбатан эртароқ якунлашга мажбур бўлди.

Бундай пайтда аксарияти ўзини мураббийликка ёки футбол ичидаги бошқа ишларга бағишлайди. Лекин Камолиддин бошқача йўл тутди. Илгари футбол ўйнаб юрган пайтларида ўзи ҳам турли қийинчилик ва муаммоларга дуч келган бўлса керак ёки бошқа ҳамкасбларининг ўз ҳуқуқларини яхши билмаслиги оқибатида мураккаб аҳволга тушиб қолганини кўриб, ўзига тегишли хулосалар чиқаргандир. Негаки, олдин хабар берганимиздек, Ўзбекистон футболчилар уюшмасига асос солди ва ушбу ташкилотнинг раҳбари ҳисобланади.

Бу орқали улар ўйинчиларнинг ўз ҳуқуқларини яхши англаши, улардаги мавжуд муаммоли вазиятларни ҳал қилиш, қарздорлик масалалари бўйича ҳам ёрдам қўлини чўзиш каби масалаларда бош-қош бўлиб келмоқдалар.

Биз эса, ЎФУ (Ўзбекистон футболчилар уюшмаси)нинг бугунги пайтда олиб бораётган иши ва ўтган вақт давомида қандай ўзгаришлар бўлганини билиш мақсадида ташкилот раҳбари Камолиддин Мурзоев билан алоқага чиқдик. Ўз навбатида у sports.uz учун вақт ажратишга рози бўлди.  

Ўзбекистон футболчилар уюшмасида олдинга силжиш борми?

Хўш, айни пайтда ушбу ташкилотнинг ҳаракатларида олдинги силжиш борми? Чунки Ўзбекистон футболчилар уюшмаси барибир футболимиз учун янгилик. Иш жараёнида қандай камчилик ёки ютуқлар кўзга ташланяпти? Камолиддин Мурозоев дастлаб шу ҳақида фикр билдирди.

-  Саволингиз жуда ўринли. Тўғри, биз янги ташкилотмиз. Шу билан биргаликда бу юртимиз футболи учун ҳам янгилик эди. Бошлаган ишларимиз аста-секинлик билан ўз йўлига тушиб бормоқда. Бир-иккита ижобий ҳал қилган ишларимиздан кейин бизга бўлган ишонч футболчиларимиз орасида ҳам ортиб боряпти. Биз бундан-да юқори натижаларни кўзлаганмиз. Барибир юзага келган қийинчиликлар билан меҳнат қилишимизга тўғри келди, айниқса, пандемия шароитида. Футболчиларимизнинг ушбу ташкилот ҳақида тўлиқ тушунча ва тасаввурга эга бўлишлари учун кўплаб семинарлар ўтказишни режалаштирганмиз. Ўзига яраша ютуқларимиз ҳам бор, миллий чемпионатимизда ҳам, хорижда тўп сураётган легионерларимиз бўйича ҳам. Натижада футболчилар бизга ишонган ҳолда мурожаат қилаётгани қувонарли ҳол.

ФИФАнинг клубларимиз бўйича чиқараётган қарорларига

ЎФУнинг позицияси қандай?

Афсуски, футболчилар ва клублар ўртасида доимий равишда низолар кузатилмоқда ва бунинг оқибатида иш ФИФА даражасигача ошириляпти. Бунинг оқибатида клубларимизга мазкур юқори ташкилотдан огоҳлантириш хатлари ва жазо қўлланилган қонунлар чиқариляпти. Мана шундай муаммоли вазиятларнинг ижобий ечимини топиш учун Мурзоев бошчилик қилаётган Ўзбекистон футболчилар уюшмаси қандай саъй-ҳаракатларни олиб бормоқда?

-  Тўғриси, ФИФА томонидан хатлар келиши юртимиз футболи учун ачинарли ҳолат. Осиёда шартномага амал қилинмаган ва унинг бандлари бузилганлик ҳолати бўйича бешта мамлакат қаторига кирамиз. Бизда асосан легионерлар билан боғлиқ вазиятлар кўпроқ кузатилди. “Сурхон” футболчисига келган хат бўйича клубга мурожаат қилдик. Энг яхшиси, тўғри йўлни топиб, икки томонни келиштирган ҳолда масалани ижобий ҳал қилишдан иборат. Ўзингиз биласиз, жамоаларда футболчига эътибор ва муносабат ўзгариб қолган пайтларда уларнинг шартномаларидаги бандларида кўп бузилишлар содир этилади. Бундай вазиятлар бўлмаслиги учун ПФЛ билан меморандум имзолаганмиз. Яқин орада низоларни ҳал қилиш палатасини ФИФА талаблари асосида Ўзбекистонда ҳам ташкил этмоқчимиз. Бу билан Суперлигамизни ишончли ва мустаҳкам чемпионатлар қаторига киритиш ниятимиз бор.

камол3

Футболчиларга ҳақ-ҳуқуқларини

тушунтириш учун қандай ишлар қилиняпти?

Юқоридаги каби муаммолар бўлмаслиги учун ҳам барибир футболчилар ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳамда юридик жиҳатларини яхши тушуниб олишлари муҳим эканлиги кўриниб қоляпти. Бунинг учун уларни ўқитиш ва маълумотларни етказиш керак. Бу борада ЎФУнинг қандайдир таклиф ва ғоялари борми?

-   Тўғри, аввало футболчиларимизнинг ҳуқуқий ва юридик томондан салоҳиятларини ошириб боришимиз керак. Биз юқори ташкилотимиз – FIFProни аъзосимиз. Унинг талаби ва асосларига кўра, ўқув семинарларини ташкиллаштириш, бундан ташқари ҳар тўрт йилда футболчилар ассамблеясини йиғиб, ташкилот тўғрисида маълумот, унинг молиявий жиҳатлари, умуман ҳар тарафлама тушунчалар етказишимиз лозим. Бу йил эса пандемия шароитига тушиб қолганимиз сабабли режа ва мақсадларимизга таъсир кўрсатди. Бундай ҳолатларнинг 100 фоиз олдини олиб бўлмайди. Чунки бу бутун дунёда рўй бераётган вазият. Энди бундай можароли ҳолатларни имкон қадар ФИФАгача етказмасдан туриб, ички муҳитда тўғри ҳал қилишимиз керак. Қарс икки қўлдан чиқади. Клуб ва футболчилар шартнома бандларига шундай қарашлари керакки, эртага ФИФА томонидан жазо қўлланилишини ёдда тутишлари даркор. Ҳаттоки, баъзи пайтларда ФИФА ким бўлибди, деган важларни ҳам эшитганмиз, бу жуда нотўғри. Ҳар бир клуб шартнома тузилаётганида клуб ва футболчи ҳар томонлама ўрганиб чиқиши керак, - деди Мурзоев.

Қизиқ, кўпроқ қайси клубларимиз устидан аризалар тушяпти?

Футболчилар томонидан мазкур ташкилотга кўпроқ қайси клубларимиз устидан аризалар келиб тушмоқда? Негаки, бундай ҳолатлар бўйича ҳам ўқувчилар маълумотга эга бўлиши лозим. Шу сабабли Камолиддин Мурзоев қуйидагиларни маълум қилди:

-  Деярли барча клубларимизда ўзига яраша катта ва кичик муаммолар мавжуд. Бу вазиятда қайсидир жамоани алоҳида тилга олиш ноўрин бўларди. Бугунги кунгача “Навбаҳор”, “Андижон”, “Динамо”, “Машъал” каби жамоалар билан футболчилар ўртасида музокаралар олиб бордик. Раҳбарият тўғри тушунган ҳолда ўйинчиларнинг маблағларини тўлаб берди. Бундан ташқари, яқинда ПФЛга мурожаат қилганмиз ва унда бир қатор ўйинчилар бор. “Бунёдкор” жамоасидан ҳам даъво аризалари бор, улар кўриб чиқилиши даркор. Албатта, бирданига ҳамма клубларнинг аризаларини ҳал қилиш қийин. Барчасини босқичма-босқич бартараф этиб борамиз.

камол2

Суперлигамизнинг бугунги мавқеи хусусида

Мурзоевнинг фикри бошқачароқ...

Ўзбекистон чемпионатида ўзгаришлар борми? Қолаверса, футболчиларнинг савияси ва дунёқараши қай ҳолатда? Ўз вақтида Мурзоев ҳам футболчи бўлган ва у кўп масалалар бўйича ахборотга эга.

-  Юртбошимизнинг футболга қараётган эътибори нуқтаи назаридан футболимиз ҳаракатда давом этмоқда. Лекин биз ҳали катта-катта ютуқларга эришганимиз йўқ. Олдимизда кўплаб вазифалар турибди. Ҳар бир футболдаман деган шахс ўзининг садоқатини, муҳаббатини меҳнатлари орқали намоён қилиши шарт. Кўряпсиз, кўплаб давлатларда футбол ривожланиб боряпти. Футболга эътибор ўзгаряпти. Лекин бизда охирги йилларда футболимиз бир жойда туриб қолди, деган фикр хаёлимдан ўтади. Футболдаги инсонлар эса туртки бериб, ривожланиш йўлида ҳаракат қилишимиз шарт, - дейди Камолиддин.

Қайси футболчиларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

жиддий қийинчиликлар туғдирган?

Ўзбекистон футболчилар уюшмаси ўйинчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш асносида турли қийинчиликларга дуч келиши табиий. Мурзоев бошчилигидаги ташкилот шу пайтга қадар айнан қайси футболчиларнинг иши бўйича жиддий муаммоларга дуч келган?

-  Бугунги кунгача 20 дан зиёд футболчиларга ёрдамларимизни кўрсатдик, - дея мавзуни давом эттирди Мурзоев. - Ҳозирги кунда ҳам келиб тушган аризалар бўйича ишлар олиб бориляпти. Баъзида клубларга қўнғироқ қилиб, вазиятни ҳал қилиш бўйича мурожаат қилганимизда ҳам ижобий ўзгаришлар бўлаётганини кўряпмиз. Ўз ўрнида қийинчиликлар ҳам бўлади. Биз учун энг қийини Баҳодир Пардаев иши бўлган. Биринчи мурожаатнинг қийинчилиги шунда бўлганки, у Жанубий Кореянинг биринчи дивизионида тўп сураётганида бизга мурожаат қилган. Худога шукр, FIFPro ёрдамида унинг масаласини ижобий ҳал қила олганмиз. Корея лигасидаги футболчилар уюшмасига Пардаев масаласи бўйича мурожаат қилганмиз. Шунингдек, ўзимиздаги клубларда ҳам айрим қийинчиликлар бўлиб туради. Ҳаммасини охирги кунга қадашни бошлашади. Натижада муддат беришимизни сўрайди. Биз футболчининг талаби ва таклифидан келиб чиққан ҳолда иш олиб борамиз. Биз унга берадиган биринчи саволимиз, сенинг хоҳишинг қандай, нима ва қандай йўл билан истайсан, деймиз. Яқинда “Динамо” клуби футболчилар билан шартномани бекор қилганлиги айтилди. Кейин жамоа раҳбарларига мурожаат қилганимизда, бизни тўғри тушунган ҳолда ўйинчиларни чақириб, ўзаро келишиб битимни бекор қилдилар. Баъзида клубларимизда шундай тушунчалар бўладики, футболчини кетказиб юборганимиз билан ойлик маошини тўлаб берамиз-ку, деган важларни ҳам айтадилар. Бу аслида нотўғри. Шартнома бандида футболчига ҳар қандай ҳолатда ҳам мураббий билан машғулот таъминланиши кўрсатиб ўтилган. Бу банднинг бузилишини ўзиёқ шартноманинг бузилишига олиб келади. Афсус, бизда мана шу жиҳатларига эътибор берилмай қўйилган. Чунки ўйинчининг қандай спорт формасида эканлиги унинг кейинги фаолиятига таъсир қилади. ФИФА томонидан бундай вазиятга қаттиқ эътибор берилади. ФИФА қарорларига қарасангиз, компенсация миқдорлари катта. Футболчи иш ўрнини йўқотмаслиги керак. Бунга чуқур эътибор берилса, ана шунда клубларимизда профессионализм ошади. Бизда эса мана шундай жиҳатлар юзасидан тушунмовчилик ҳамда қийинчиликлар бўлади. Пулини тўлаб бергани билан футболчининг кейинги фаолияти ҳақида ҳам чуққурроқ ўйлаш керак.

камол

FIFProнинг йўналиши ва асосий мақсадлари ҳақида

Юқорида айтиб ўтилганидек, Ўзбекистон футболчилар уюшмаси халқаро FIFPro ташкилотига қарашли ҳисобланади. Шу ўринда Камолиддин унинг жаҳон футболидаги мавқеи, асосий мақсад ҳамда вазифалари ҳақида ҳам тўхталди.

-  FIFPro бутун дунёда 65 та аъзо давлати ва 65 мингга яқин футболчисига эга бўлган ҳалқаро ташкилот ҳисобланади. Доим ФИФА билан ҳамжиҳатликда иш олиб борилади. Ҳар қандай юзага келадиган вазиятларда икки ташкилот бирга иш олиб боради. Чунки FIFProнинг ФИФАдаги ўрни ва нуфузи катта. Биз эса ушбу ташкилотнинг Ўзбекистондаги намоёндасимиз. Бизнинг олдимизга турли йўналишларни беради. Масалан, Игнатий Нестеровда Осиё Кубогидаги допинг тести натижаси ижобий чиққанидан сўнг, ўзимиз унга ёрдам қўлини чўзганмиз. Россиядаги ҳамкоримиз билан биргаликда уни дисквалифакация муддатини 3 йилдан 8 ойга қисқартиришга эришгандик. Бу йил эса карантиндан олдин футболчиларнинг соғлиги-саломатлиги ҳамда антидопинг масалалари юзасидан катта семинар ўтказиш режамиз бор эди. FIFProнинг лойиҳаларидан бирини ўзбекистонлик футболчиларга қўллашга ҳаракат қилдик. Шу боис саломатлиги, клубдаги витаминизация, турли дори воситалари, антидопинг юзасидан уларнинг тушунчаларини ўрганиш мақсадида 200 дан ортиқ ўйинчиларимиз ўртасида тест саволларини ўтказдик. Жавоб лойиҳаларини голландиялик мутахассисга юборишимиз ва кейин у Ўзбекистонга ташриф буюриши керак эди. Тошкент, Самарқанд ҳамда водийда катта семинар ўтказиш режамиз бор эди. Лекин бу лойиҳа кейинчалик амалга ошади. Шунингдек, ўйинчиларнинг футболдан кейинги фаолиятига ҳам бефарқ бўлмаслигимиз керак. FIFPro платформасида футболчини онлайн ўқитиш тизими ташкил этилган. Бу борада алоҳида дастур бор. Нафақат футбол, балки бошқа соҳалар бўйича малакасини ошириб бориши, менежмент, футбол бошқаруви бўйича ҳам лойиҳаларимиз бор. Булардан ташқари, биз доим келишилган ўйинлар ва тотализаторга қаршимиз. Буни футболчиларга тўғри йўналишда етказиб боришимиз лозим. Ҳозирги кунда бутун оммага тадбиқ этган “қизил тугмача” лойиҳаси бор. Бунда ҳар бир футболчи аноним равишда ўша ўйиндан қандайдир келишилганлик хабарини билса ва тўғридан-тўғри бизга юборса, керакли органларга ушбу маълумотни етказиб берувчи ягона тизимни Ўзбекистонга олиб келмоқчимиз. Ҳар бир футболчи мана шундай ўйиндан хабар топса, телефон орқали қизил нуқтани босган ҳолда ўйин маълумотини етказиб бериши мумкин, - дея сўзини якунлади  Камолиддин Мурзоев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!