Қайси мураббий Шомуродовдек футболчидан ўз ихтиёри билан воз кеча олади? (Биринчи қисм)

Элдор Шомуродов итальян оммавий ахборот воситаларининг севимли мавзусига айланиб бормоқда. Терма жамоаси жаҳон чемпионатини кўрмаган мамлакатнинг ҳеч ким танимаган футболчиси қисқа муддатда “Ювентус”дек қудратли клуб эътиборига тушгани, албатта, шов-шувга ўч итальян матбуотини бефарқ қолдирмаяпти.

Дарҳақиқат, La Gazzetta dello Sport сингари Италиянинг  энг машҳур спорт нашри ҳам ўз саҳифасидан ўзбек футболчисига жой ажратгани ва муқовани Элдорнинг сурати билан безагани ҳам Шомуродовни журналистлар тан ола бошлаганидан далолатдир.

Генуяда яна бир онлайн манба бор. Генуялик футбол мухлислари buoncalcioatutti.it сайтини  “Женоа” ҳаёти ҳақидаги энг қизиқарли ва ҳаққоний манба сифатида тан олади. Бу сайтни Алессио Семино укаси Лоренцо билан бирга, генуялик таниқли журналист Лино Марморато ёрдамида 2016 йилда ташкил этган.

сайт журналистлари

Россиянинг “Спорт-Экспресс” нашри мазкур манба томонидан Элдор Шомуродовнинг “Женоа”даги  фаолияти қандай ёритилаётганига бағишланган интервьюни эълон қилди. Алессио Семино билан бўлган ушбу суҳбатда кўпчилик учун қизиқарли бўлган турли маълумотлар ҳам киритилган.

Интервьюни эътиборингизга ҳавола қиламиз:

- Шомуродовнинг “Женоа”га ўтиши сайтингизни кузатиб бораётганлар сафига Россия ва Ўзбекистондан кўп ўқувчиларни қўшгани ростми?

- Ҳа, шубҳасиз. Бу ижтимоий тармоқлардаги ўсишдан ҳам сезиляпти. Мен Элдорнинг ўзи учун ҳам хурсандман. Унга шунча одам мухлислик қиляпти. Биз унинг юртида мухлислари кўплигини кўриб турибмиз, шунингдек, Россияда ҳам уни кузатаётганлар сони ортмоқда. У “Женоа”да ўйнаган иккинчи ўзбек футболчиси, биринчиси Илёс Зейтуллаев эди.

- “Женоа”нинг кўплаб кучли легионерларни кўрган талабчан мухлислари Шомуродовни қандай қабул қилди?

- Элдор ўйиндан ўйинга тобора кўпроқ мухлислар меҳрини ва журналистлар эътиборини қозониб боряпти. “Женоа”га ўтганида у ҳақида маълумот деярли йўқ эди, қолаверса, дастлабки баҳсларда ёрқин таассурот қолдира олмади. Кейинроқ, шундай зўр ўйнай бошладики, ҳамма унга муносиб баҳосини беряпти. Журналистларнинг Элдор ҳақидаги позициясини уларнинг юқори баҳо бераётган материалларидан билиб олса бўлади. Ҳар куни таниш одамлар билан мулоқот қилганимда талабчан мухлисларнинг ҳам ўзбек ҳужумчисига ҳурмати ошиб бораётганини сезаман.

“Женоа” мухлислари ўйинчиларнинг хатосини осонгина кечиришга тайёр, лекин улар иштиёқсизлик ва лоқайдликни қабул қила олмайди. Шомуродовнинг салоҳияти катта ва унинг майдонда йўл қўяётган айрим камчиликларини унинг меҳнаткашлиги, тинимсиз ҳаракати, курашувчанлиги ва юқори даражадаги иштиёқи ёпиб юбормоқда. “Женоа” бошланғич таркибида майдонга чиқиш ҳуқуқи учун қаттиқ курашаётгани кўриниб турибди.

15744719

- Агар сенда кучли футболчига хос сифатлар бўлмаса, иштиёқ ва хоҳиш А Серия учун камлик қилади. Шомуродов қайси хусусиятлари билан янги бош мураббий Давиде Баллардинини ўзига ишонтира олди?

- Ҳозирги Шомуродовнинг энг катта устунлиги унинг ўйин натижасига таъсир ўтказаётганида. Айниқса, бунга гол уриш, ўткир ҳужум ташкил этиш, ўзини майдонидан рақиб дарвозасигача бўлган ҳудудни катта тезликда босиб ўтиш каби хусусиятлари орқали эришмоқда.

Айни пайтда у жамоа учун муҳим ҳисобланган курашлар марказида, керакли вақтда пайдо бўлаётган ўйинчи ҳисобланади.  Бунақа футболчилар ҳар доим ва ҳар ерда қадрланади. Масалан, “Болонья” билан учрашувдаги Зайцнинг аниқ зарбаси билан якунланган биринчи ва ҳал қилувчи голли ҳужум Шомуродовнинг ўнг қанотдан тезкор ҳаракатлари орқали  “пишди”.

Шомуродовнинг кучи рақиб дарвозаси олдида ҳавф туғдиришдан ташқари, ўз жарима майдончаси ичида ҳаводан келаётган тўпларни эгаллаб, тезкор қарши ҳужум уюштиришга ҳам етмоқда. Қайси мураббий майдонда шунча фойда келтираётган ўйинчидан ўз ихтиёри билан воз кеча олади?!

Давоми...

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
LiViRpUl+ GeNeO
12/01/2021 11:36
Iltimos obunachilar ota onasi qoygan ismi b/n ataylik shunchaki Eldor Otanga rahmat
&
Marufjon
12/01/2021 02:01
Кўз тегмасин Шомага