"Қайсидир маънода барибир Индонезия қулайроқ рақиб, биз мусобақа фаворитимиз" - Мурзоев
Тимур Кападзе бошқараётган Ўзбекистон олимпия терма жамоамиз аста-секин ўз олдига қўйган мақсади томон яқинлашиб келмоқда. Азалий орзу рўёбга чиқишига бир қадам қолди. Қувонарлиси, вакилларимизнинг имконияти ҳам, салоҳияти ҳам катта. Саудия Арабистони мағлуб этилганидан сўнг Ўзбекистон футболчилар уюшмаси раиси, собиқ футболчи Камолиддин Мурзоев Sports.uz учун фикрлари билан ўртоқлашди.
Саудия Арабистонига қарши ўйин хусусида
- Ҳаммани кутилган ғалаба билан табрикламоқчиман. Ўзбек футболига бундай ютуқлар ярашади. Тарихий натижага бир қадам қолди. Футболчиларимиз бутун халқимизни хурсанд қила оладилар. Тан олишимиз керак, йигитларимиз Саудияга ҳеч қайси жабҳада ютқазишмади. Керак бўлса рақибни провокацияларига ҳам учмадилар. Менимча, тўлиқ ўйин назорати бизда бўлди. Тимур Кападзе рақибдан келиб чиққан ҳолда ўйин услубини тузди. Оқибатда кутилган натижага эришилди. Саудия Арабистони деярли бизга қийинчилик туғдирмади. Қийинчилик туғдирмади дегани футболчиларимиз меҳнат қилишмади, дегани эмас. Ўз меҳнатларини майдонда кўрсатишди ва кутилган натижага эришилди. Мусобақа бошланганидан бери футболчиларимиздан кўнгил тўқ. Ўйинчиларимиз нарх жиҳатидан ҳам мусобақанинг энг қиммат жамоаси дейилди. Улар фақат қоғозда эмас, амалда, майдонда ҳам кучли эканлигимиз билинди. Кейинги учрашувларга омад тилаймиз ва бу ёғига ҳам яхши бўлади.
Индонезиянинг ярим финалга чиққани ҳақида
- Тўғриси, Индонезияни кутмагандим. Аммо Корея билан учрашувда кўрсатган ўйини бўйича кутилмаган бўлса-да, улар ярим финалга лойиқ эканлигини кўрсатишди. Қайсидир маънода барибир Индонезия қулайроқ рақиб. Аммо бу жамоа кореяликлар билан учрашувда шуни кўрсатдики, рақибни менсимаслик оғир аҳволга олиб келиши мумкин.
Ўзбекистон асосий фаворитми?
- Мусобақа бошланганидаёқ айтганман, биз яққол бўлмасак-да, мусобақа фаворитимиз. Агар ҳаммаси яхши даражада бўлса, нафақат Олимпиада йўлланмаси, балки Осиё чемпиони бўлиб қайтишади, деб ўйлайман. Футболчиларимиз бунга эриша олишади.
Энг асосийси, Олимпиада йўлланмаси ёки чемпионлик ҳамми?
- Албатта Олимпиада йўлланмаси муҳим ҳисобланади. Ушбу йўлланмага энг яқин йўл бу финал. Финалга чиққанда эса ҳеч ким Олимпиада йўлланмаси билан кифояланиб қолмайди. Албатта, кейинги қадам мусобақа ғолиблиги учун бўлади. Менимча, ҳозирги таркибимиз билан иккала вазифани уддалай оламиз. Чунки олдинги мусобақаларда аввалги терма жамоалар биз кутган фаворитлар Корея, Япония, Австралия, Саудия Арабистони қай даражада етакчилар бўлган бўлса, ўйлашимча, бугунги Ўзбекистон олимпиячилари ҳам олдинги даврлардагидек фаворит. Яъни, улар учун Ўзбекистон менимча яққол фаворит.
Бу олимпиячиларимизнинг энг яхши таркибими?
- Энг яхши таркибларимиздан бири. Агар Олимпиада йўлланмаси қўлга киритиладиган бўлса, сўзсиз тарихдаги энг кучли олимпия жамоаси бўлишади. Бунга улар лойиқ.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар