Қимматбаҳо ўйинчининг фақат битта харидори қолди
«Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпуль» раҳбарияти «Кристал Пэлас» ярим ҳимоячиси Адам Уортонга бўлган қизиқишини совутди ва трансфер ҳаракатларини тўхтатди.
Бунга «Кристал Пэлас»нинг 22 ёшли футболчи учун талаб қилаётган нархи – 116 миллион фунт стерлинг (тақрибан 135 миллион евро) асосий сабаб бўлгани хабар қилинмоқда.
Бу ҳақда Caught Offside нашри маълумот берди.
Манбага кўра, Уортонга нисбатан қизиқишни ҳозирча «Челси» сақлаб қолган. Лондон клуби футболчи вакиллари билан алоқани узмаган, трансфер шартларини ўрганишда давом этмоқда. Шу билан бирга, жорий трансфер бозоридаги вазият ва ярим ҳимоячининг юқори баҳоси уни катта клубга ўтишини анча қийинлаштирмоқда.
Ўтган мавсумда Уортон барча мусобақалар ҳисобга олинганда 53 ўйинда майдонга тушди, бир гол урди ва етти голли узатма амалга оширди.
Унинг «Кристал Пэлас» билан амалдаги шартномаси 2029 йил ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, футболчининг бозор қиймати 70 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.

Фикрлар