Қирғиз клуби ПСЖ академияси билан меморандум имзолади

Кеча таниқли мутахассис Ислом Аҳмедов қўнғироқ қилиб, Қирғизистоннинг “АбдишОта” жамоаси ПСЖ билан меморандум имзолагани ҳақидаги хабарни айтди. Негаки, унинг мазкур клуб билан алоқаси яхши. Ўз вақтида Аҳмедов “АбдишОта”да ҳам ишлаган. Бу клуб эса Қирғизистон чемпионатида иштирок этиб келмоқда.

Хуллас, унинг шогирди катта лойиҳа устида иш бошлагани ҳақида айтиб қолди. Шундан сўнг биз ҳам бу лойиҳа қандайлигига қизиқдик.

Маълум бўлишича, “АбдишОта” клуби чиндан ҳам ПСЖ академияси билан меморандум имзолаган бўлиб, унга кўра, 5-15 ёшли болалар иккита босқичда кўрикдан ўтказилади. Ўзларини кўрсатган энг саралари якунда ПСЖ академиясига қабул қилинади. Келишув айнан шундай кўриниш олган. Фақат бу имконият “АбдишОта” жамоасига берилган. Яъни, Марказий Осиё бўйича иқтидорли ёшларнинг бу борадаги қизиқишлари бўлса, қирғиз клубига мурожаат қилишлари мумкин. Биз эса вазиятга янада ойдинлик киритиш мақсадида “АбдишОта” клуби бош менежери Хуршид Лутфуллаев билан боғландик.

-  Ҳа, биз ПСЖнинг академияси билан келишувга эришдик. Улар 16-20 ноябрь кунлари Анталияда кўрик ўтказишади. ПСЖ клуби Марказий Осиё учун фақатгина бизга кўрик танловда қатнашиш имкониятини беришди. Натижада Марказий Осиё бўйича барча иқтидорли ёшларни саралаб у ерга олиб боришга ҳаракат қиламиз. Биз аввало 2-6 ноябрь кунлари ўзимиздан келиб чиққан ҳолда саралаш босқичини ўтказамиз, Қанд шаҳрида. Яъни,” АбдишОта” клубида. Хоҳловчилар келиши мумкин ва уларнинг орасида иқтидорлиларини танлаб оламиз ҳамда 16 ноябрда Анталияга олиб борамиз. У ерда эса ПСЖ академиясининг лагери жойлашган. Бизнинг мақсадимиз ёш футболчилар учун Европага йўл очиш ва ўзларини кўрсатишларига имконият яратиб беришдан иборат.  Боя айтганимдек, ПСЖ бундай имкониятни Марказий Осиё бўйича фақат “АбдишОта” клубига бергани учун бошқаларга ҳам ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз, - деди клуб бош менежери.

Шу ўринда ҳаммани бир савол ўйлантираётган бўлса керак: “АбдишОта” клуби қандай қилиб ПСЖ академияси билан меморандум имзолади? Бу борада уларга кимдир ёрдам бердими? Бу ташаббус кимдан чиқди?

-  Туркияда бизнинг менежеримиз, скаутимиз бор ва у ишлаш учун лицензияга эга бўлган. ПСЖ академияси билан алоқага чиқди ва шу орқали меморандум имзоланди. Туркияда ПСЖ менежери билан бирга иш жараёни билан танишиб юрибди, - дея жавоб берди Хуршид Лутфуллаев.

Шубҳасиз, Марказий Осиё бўйича иқтидорли ёшлар ниҳоятда кўп ва уларнинг аксарияти Европа академияларида таҳсил олишни жуда хоҳлашлари ҳам турган гап. Бундай вазиятда ПСЖ академиясида ўқиш имконияти пайдо бўлгани ўша қизиққан ёшлар учун айни муддао. Биз “АбдишОта”нинг мазкур меморандумининг икир-чикирларигача қизиқиб кўрдик. Яъни, бунинг молиявий ҳолати қандай кўринишда бўлади? Чунки ноябрнинг ўрталарида Анталияда кўрик танлов ташкил этилса, бунинг молиявий масалалари ким томонидан қопланади? Шу масала бўйича “АбдишОта” бош менежери вазиятга ойдинлик киритди.

-  Молиявий масалаларига келсак, ПСЖ сарф-ҳаражатларнинг тахмининй суммасини юборди. Анталиядаги кўрик учун овқатланиш, эпикировкалар, борди-келдилари билан ҳаммаси бўлиб 1600-1700 АҚШ долларига боради. Фақат бу пуллар футболчининг ота-онасини ҳисобидан қопланади. Айрим ота-оналар орасида у ҳолда ўзимиз олиб борамиз, деганлари ҳам бўляпти. Бироқ ўша лагерга бориб, кўрикда қатнашиш бўйича фақат бизга имконият берилган. Анталияда ўзларини яхши кўрсатган болалар иккинчи босқичга таклифнома олишади. Бу босқич эса келаси йилнинг май ойида Парижда ташкил этилади. У ерда ҳам ўзларини кўрсатган иқтидорли футболчиларни ПСЖ академиясида олиб қолишади.

Юқорида 2-6 ноябрь кунлари илк кўрик ўтказилиши ҳақида айтиб ўтди. Иқтидорли болаларни саралаб олиш масъулияти бўйича қандай мураббийлар жалб қилинади? Ким уларни саралайди? Албатта, бу ҳам мазкур масаланинг муҳим жиҳатларидан бири.

-  “АбдишОта” жамоасини голландиялик Жейлан Арикан бошқармоқда. У 2008 ва 2009 йиллари ҳам жамоамизга келиб ишлаб кетган. Ўшанда Кубокни ютгандик ва чемпионатда иккинчи ўринни эгаллаганмиз. Шу боис уни яна қайтардик. Клубимизда иш бошлаганига бир ой бўлди, икки йилга шартнома туздик. Айнан голландиялик мутахассис кўрикдан ўтаётган болаларни ўзи назорат қилади. Шунингдек, унинг мақсади “АбдишОта” жамоасининг нуфузини кўтариш. “АбдишОта”ни мамлакат чемпионлигига ва ОФК Кубогига олиб чиқишга ҳаракат қилади, - дея жавоб берди бош менежер.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар