Қирғизистонлик футбол мухлислари Ўзбекистоннинг ғалабасига қандай реакция билдирди?
"ЖЧ-2026" саралаши доирасидаги Қирғиз Республикаси ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги баҳс бўлиб ўтди ва унда вакилларимиз 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Жоэль Кожо ҳисобни очган бўлса, Шомуродов навбатдаги ҳужумнинг ўзидаёқ мувозанатни тиклади. 35-дақиқада Одилжон Абдураҳмонов қўшниларимизни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, Алиқулов тенглаштирувчи, Ўрунов эса ғалаба голини киритди.
Шу тариқа, "оқ бўрилар" иккинчи турда ҳам 3 очкони қўлга киритди.
Ўйиндан сўнг Қирғиз Республикасидаги катта аудиторияга эга "АЛА-ТОО СПОРТ" телергам каналида учрашув натижаси эълон қилинган постда қирғизистонлик футбол ишқибозлари ўзларининг турфа хил муносабатлари билан ўртоқлашди:
Қизиқарли томони шундаки, мазкур мамлакат футболининг аксар мухлислари ва ўзимизнинг кўллаб ишқибозлар ўртасида айрим ўхшашликлар гувоҳи бўлдик. Мисол учун, "Крокус" никли мухлис таркибдаги футболчиларни алмаштириш, ўйнаётганлар амалдорларнинг болалари деган фикрда. Одатда, бизнинг ишқибозлар орасида ҳам бу каби фикрлар жуда кўп янграб туради.
Аязбек исмли мухлиснинг фикрича, Ўзбекистон терма жамоаси кучли ва Қирғиз Республикасига тажриба тўплаш учун бироз вақт керак:
Жолдош исмли футбол мухлиси бироз хазилкашроқ экан: Унинг таъкидлашича, Қирғиз Республикаси термасининг ғалабаси учун Норин дарёсида крокодил пайдо бўлиши ёки Бразилия "кок-бору" (кўпкарининг бир тури) бўйича ғалаба қозониши керак.
"E A" никли мухлиснинг фикрига шахсан ўзим ҳам қўшилдим: "Ҳали "кўмиб ташлашга" эрта. Гуруҳдаги дастлабки беллашувлар қийин эди ва рақиблар биздан минимум бир бош устун"... Олға, Қирғизистон.
Бу эса ўзимизникиларни орасида ҳам энг кўп жаранглайдиган фикрлардан бири: "Ўзи бизникилар ютадими"?
Тамирланнинг ҳам фикри асосли: "Осиёда кучли жамоалардан бири билан 2:3 ўйнаш яхши. Ютқазиб қўйганимиз бироз ачинарли".
Улан Бактыбеков исмли канал обуначиси эса бироз негатив фикрда: "Бизникилар ўйнай олмайди. Шунинг учун, пулни бошқа нарсага сарфлаш керак".
Мана бу сўзлар эгаси барча Қирғиз Республикаси термаси ишқибозлари учун айни муддао: "Сабр! Кун келади ва биз яхши бўламиз".
Умуман олганда, Қирғиз Республикаси ўз тарихида ҳеч қачон Ўзбекистон терма жамоасини мағлуб эта олмаган. Шунингдек, мазкур юрт илк бор Жаҳон чемпионати саралашининг 3-босқичигача етиб келди. Улар илк икки турни гуруҳнинг яққол фаворитларига қарши ўтказди. Шундай бўлса-да, ўйин тарафлама Эрон ва Ўзбекистонга қарши баҳсларда жуда яхши таассурот қолдирди. Шундай экан, бу юрт футболи олдинга қадам ташлаган.
Қатардаги Осиё кубогида Тожикистон терма жамоаси ҳам турнир апсетини амалга ошириб, чорак финалга қадар етиб борганди. Бу шундан далолатки, Марказий Осиёда футбол анча жонланиб қолган. Айтадиган бўлсак, қўшниларимизнинг ютуқлари бизни хурсанд қилади. Уларнинг ўзбек футболига бераётган юқори баҳоси ҳам анча ёқимли. Негатив фикр билдирувчилар доим бўлган. Фақат мазкур негативлар ҳам икки турга бўлинади: Асосли ва асоссиз! Биз сизга фильтрларсиз (фақат мақтовдан иборат ёки фақат позитив) ўзимизга қизиқарли кўринганларини тақдим этдик, холос.
Карим Худайқулов
Фикрлар