Қишки ва ёзги трансферлар ойнасининг саналари маълум

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси футзал бўйича мамлакат чемпионати, кубоги, биринчилиги ҳамда U-18 чемпионати мусобақаларини расман якунлади. 

Режага кўра, янги мавсум шу йилнинг сентябрь ойидан эътиборан старт олади ва у 2023 йилнинг июнь ойига қадар давом этади. Чемпионлик учун Олий лигада 12 та жамоа кураш олиб боради. Сентябрга қадар Биринчи лига иштирокчилари рўйхати тўлиқ шакллантирилади ва бу борада алоҳида хабар берилади. 

Бир неча кун муқаддам ЎзПФЛ миллий терма жамоа бош мураббийи Баҳодир Аҳмедов билан учрашув ўтказди ҳамда унинг режалари билан қизиқди. Хабарингиз бор, сентябрь/октябрь ойларида бош жамоа Осиё чемпионатининг финал босқичида иштирок этади. Мана шу мусобақага қадар футзал чемпионатининг 1 та тур учрашувларини ўтказиб олиш режага киритилган. 

Шундан келиб чиқиб, ЎзПФЛ 2022/23 йилги мавсум учун футзалчиларни 1 июль санасидан бошлаб рўйхатдан ўтказади. Рўйхатга олиш даври 31 август куни якунига етади. Қишки ойна эса 26 декабрь куни очилади ва у 2023 йилнинг 7 январида ёпилади. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида хабар берилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!