Қийин лига, ҳеч кимга осон эмас
Контраст нима эканлигини биласизми? Икки предмет ўртасидаги фарқ - ранг, шакл, нарх ва бошқа недир хусусиятлари билан. Кўпроқ дизайнерлар бу терминни қўллайди. Мен футбол билан боғламоқчиман. АПЛда ортда қолган турни кўрган футбол мухлисининг ақли шошиб қолиши табиий. "Ливерпуль" бу турда ютди, "Сити", МЮ ва "Челси" каби грандлар ҳам. Икки Лондон гранди "Тоттенхем" ва "Арсенал" мағлуб бўлди. Бир неча тур аввал "Фулхем"га 5:0 ҳисобида мағлуб бўлган "Вест Ҳем" "Арсенал"ни ютса ва жароҳатлар ҳаддан зиёд кўплиги боис муваффақиятсизликлар гирдобига тушиб қолган "Брайтон", "Тоттенхем"ни 4:2 ҳисобида парчалаб ташласа, бу нима дегани?
АПЛда кучли жамоалар, ўртамиёналар ва аутсайдерларни фарқлаб бўладими ўзи? Контраст қаёқда қолди? Ниманинг эвазига натижалар эътибори билан бу қадар тартибсизликлар вужудга келаверади? Охирги 9 турдаги натижалар бўйича "Борнмут" энг зўри бўлса, додингизни кимга айтасиз?
Балки кучли таркиб, захира ва молиявий томонлардаги устунлик стабилликни таъминлаб бера олар. Аммо шундай ҳолатлар бўладики, АПЛ "хаос"лар марказига айланади. Яна бу каби "хаос"лар тез-тез содир бўлиб тураверади.
Аслида, контраст бор. Ўта заиф, билинар-билинмас. 1-ўриндаги "Ливерпуль" "Лутон" билан дуранг ўйнаган бўлса, "Астон Вилла" "Сити" ва "Арсенал"ни ютиб, "Шеффилд" ва "Борнмут"ни юта олмаса, сиз даражаларни дарҳол фарқлай олмайсиз. Бу турдаги "Арсенал"ни кўриб, "охирида барибир "Сити" чемпион бўлиб кетади", деймиз. Ўтган тур бошқача фикрда бўлгандирмиз, эҳтимол. Мавсум бошидаги "Тоттенхем"ни чемпионлик учун даъвогар деб, ҳозир кучли тўртликдан жой топиб беролмаятганимиз каби. Билмай қоламиз, ким кучли, ким кучсиз. Қийин лига, ҳеч кимга осон эмас.
Фикрларимни тушунишга ҳаракат қилаётган сизга ҳам ва тушунтиришга уринаётган менга ҳам.
Худайқулов Карим мақоласи
Фикрлар