"Қўқон-1912" бош мураббийи жамоасининг қишки режаси ва таркибда қанақа ўзгаришлар бўлиши ҳақида фикр билдирди
Хабарингиз бор “Қўқон-1912" жамоаси кечадан Қўқон шаҳрида янги мавсумга тайёргарликни давом эттирмоқда. Йиғин 11 январга қадар Қўқон шаҳрида олиб боради.
Шундан сўнг жамоа аъзолари Тошкентда йиғилади ва Про лигага тайёргарликни давом эттиради. Тошкентдаги йиғин давомида бир қатор тажрибали ва маҳоратли футболчилар жамоа сафига келиб қўшилиши кутилмоқда.
“Қўқон-1912”нинг тайёргарлиги ва режалари ҳақида бош мураббийи Муҳсинжон Низомиддинов қисқа фикр билдириб ўтди.
«Тайёргарликни ҳам бошлаб юбордик. Жамоамиз тўрт босқичдан иборат ўқув-йиғин машғулотларини олиб боради. Илк йиғинда жамоамизнинг асосий таркиб футболчиларидан ташқари, бир қатор ёшлар ва U-19 жамоамизда ҳаракат қилган футболчилар қатнашмоқда. Бу йиғин бир ҳафта давом этади.
Йиғин давомида икки бор ўзаро назорат учрашувини ташкил этишни режа қилганмиз. Иккинчи йиғин Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. У ерда бир қатор ўртоқлик учрашувларида майдонга тушамиз.
Шунингдек, бир нечта маҳоратли футболчилар билан музокараларни давом эттирмоқдамиз. Агар барчаси ўхшаса, улар Тошкентда бизга қўшилишади. Бизнинг мақсад: таркибни ёшартириш. Худо хоҳласа, жорий мавсум Суперлига йўлланмасини қўлга киритиб, жамоамизни ўзагини сақлаб қоладиган таркиб тузишни режа қилганмиз»,- деб фикр билдирди жамоа бош мураббийи.
“Қўқон-1912” матбуот хизмати.
Фикрлар