"Қўқон-1912" раҳбари: "Мавсум якунида ҳаммаси яхшилик билан тугайди ва биз келаси мавсумни Суперлигада бошлаймиз!

Про лигада 3-ўринни эгаллаган “Қўқон-1912” клуби энди Суперлига учун курашни плей-офф ўйинлари орқали давом эттиради.

22 ноябрь куни қўқонликлар Олмалиқда “Машъал”га қарши майдонга тушади. Ғолиб жамоа эса Суперлигада 12-ўринни қўлга киритган клубга қарши ўйнайди ва бу баҳс декабрь ойи бошларида ўтказилади.

Шу боис “Қўқон-1912” жамоаси раҳбари Акромжон Мамадалиевга айрим саволлар билан мурожаат қилдик.

- "Қўқон-1912" жамоаси Суперлига йўлидаги курашни давом эттирмоқда ва плей-офф босқичида Олмалиқда "Машъал"га қарши майдонга тушади. Бўлажак баҳс олдидан нималарни айтган бўлардингиз?

- Биз бу мавсумда Суперлига йўлланмасини қўлга киритишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Шу йўлда бутун жамоамиз билан ишлаяпмиз. Биз плей-офф ўйинини узоқ кутдик. 25 октябрда про-лигада мавсум якунланган, лекин Суперлига тугашини ҳам кутишимизга тўғри келади. Шунинг учун “Машъал” жамоаси билан бўладиган ўйинни деярли 1 ой кутишимизга тўғри келди.  Жамоамиз бу ўйинга тайёр. Биз фақат ғалаба учун Олмалиққа борамиз!

мамадалиев4

- Ушбу плей-оффда ғолиб жамоа Суперлигада 12-ўрин эгасига қарши майдонга тушади. Сизнингча, 12-ўрин қайси клубга насиб қилади, деб ўйлайсиз?

- Суперлигада турнир жадвалининг қуйи қисмида ҳам кураш қизғин кетмоқда. Биз ҳар бир учрашувларни кузатиб бормоқдамиз. Айни кунда 12-ўринда “Қизилқум” жамоаси турибди. 1 декабрь куни айнан ким бу жойда бўлишини аниқ билиб оламиз. Бу футбол, ҳар нарса бўлиши мумкин. Ҳозир “Турон” жамоасида ҳам имконият бор. Шунинг учун олдиндан бир нарса демаганим маъқул. Аввал биз “Машъал” тўсиғидан ўтиб олайлик, кейин Суперлигадаги рақиб ҳақида гаплашамиз.

- "Қўқон-1912"ни Суперлигадан 2 та ўйин ажратиб турибди. Жамоангизнинг тайёргарлиги борасида нима дея оласиз?

- Тўғри айтасиз, биз мақсадимизга етишимиз учун иккита ўйинни ютишимиз керак. Йил давомида қилинган ҳаракатларни якунига етказишимиз керак бўлади. Қисқаси, ғалвирни сувдан кўтарадиган пайт келди. Мураббийларимиз, футболчиларимиз барча ходимлар вазиятни тушуниб туришибди. Биз охиригача курашамиз ва Худо хоҳласа мақсадимизга етамиз. Мураббийлар штаби плей-офф ўйинларидан олдин алоҳида режа ишлаб чиқишган ва жамоа шу режа бўйича тайёргарликни олиб бормоқда. Асосийси, футболчиларнинг спорт формаларини ушлаб туришимиз керак. Про лигада мавсум якунлангач, футболчиларда бўшашиш ҳолати юзага келмаслиги учун иккита назорат ўйини ўтказилди. “Андижон” жамоаси билан ўтказилган ўйинларда, меҳмонда 2:2 ҳисобида дуранг ва ўз майдонимизда 1:0 ҳисобидаги ғалаба қайд этилди. 

мамадалиев2_1

- Муҳим учрашувлар олдидан таркибда йўқотишлар йўқми? Умуман, сизни нима хавотирга соляпти?

- Таркибда жиддий йўқотишларимиз йўқ. Айрим футболчиларимизда енгил шамоллаш ҳолатлари кузатиляпти, лекин шифокорларимиз вазиятни ўз назоратларига олишган. Ўйлайманки, “Машъал” билан ўйинда таркиб борасида муаммолар бўлмайди. Айтарли хавотир йўқ. Фақат битта томони, узоқ муддат расмий ўйинлар ўтказмаганимиз яхши бўлмади. Лекин начора регламентга бўйсунишга мажбурмиз, қолаверса мавсумни 2-ўринда якунлаш имкониятимиз ҳам бор эди. Ўз хатоларимиз эвазига шу кунга келдикми, демак бу ёғига ҳаракатни бўшаштирмаслигимиз керак. Мен жамоамдаги барча футболчиларга ишонаман. Улар олдиндаги иккита ўйинни ютиш учун жонларини бериб майдонда ҳаракат қиладилар. Худо хоҳласа, мавсум якунида ҳаммаси яхшилик билан тугайди ва биз келаси мавсумни Суперлигада бошлаймиз!

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!