"Қўқон-1912" тўпурари: "Узр сўрайман, афсуски, ишончни оқлолмадик"
Суперлигага ўтиш ўйинида “Қўқон-1912” ўз майдонида “Қизилқум”га 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Гарчи мезбонлар мухлислари қаршисида харчанд уринмасин барибир ўз мақсадига эриша олмади.
Про лига тўпурарига айланган қўқонликлар ҳужумчиси Анвар Ҳожимирзаевдан ҳам шу куни омад юз ўгирди. Ўйиндан кейин ушбу ўйинчи айрим саволларга жавоб қайтарди.
- Анваржон, "Қизилқум"га қарши учрашувда жамоангиз имкониятни бой берди ва Суперлигага қайтиш имкониятидан маҳрум бўлди. Мағлубиятга нима сабаб деб ўйлайсиз?
- Авваламбор, “Қўқон-1912” жамоаси мухлислари ва раҳбариятидан узр сўрайман. Афсуски, бизга бўлган ишончни оқлолмадик. Футболда ғалаба билан мағлубият ҳамиша ёнма-ён. Бу сафар “Қизилқум” жамоасига омад кулиб боқди. Хушёрликни йўқотдик. Кичкина хатолар эвазига жазоландик, шунақа бўлиши керак экан.
- Нима деб ўйлайсиз, майдонда барибир про лига билан Суперлига даражаси билиниб қолдими?
- Жамоамиз ҳеч бир тарафдан “Қизилқум”дан қолишмади. Ўйин тенг курашлар остида ўтди.
- Рақиб сиз кутгандек ўйнадими ёки...
- Тўғри, биз қийин ўйин бўлишини кутгандик. Лекин тезкор гол ва кутилмаганда иккинчи гол бизнинг ишимизни қийинлаштирди.
- Про лига тўпурари сифатида мухлислар сиздан плей-оффда ҳам голлар кутишгани табиий. Суперлига жамоасига қарши баҳсда гол уриш қийин бўлгани аниқ, шундайми?
- Тўғри, гол уришимни ўзим ҳам хоҳлаган эдим. Аммо насиб қилмади. Қийин учрашувларда гол уриш ҳам қийинлашаверади.
- Клуб билан тузган шартномангиз тугаяптими? Про лигада ўз имкониятингизни кўрсата олдингиз ва янги мавсум учун режангиз қандай?
- Шартномам тугаган, янги мавсум ҳақида ҳали ўйлаб кўрганимча йўқ. Бор эътиборим, ушбу ўйинга қаратилганди, кўрамиз, насиб қилгани бўлади.
- Сир бўлмаса, Суперлигани қайси клубларидан таклифлар бўляпти?
- Таклифлар йўқ эмас, бор. Аниқ бўлса, кейин айтганим маъқул.
- Шунингдек, сизга четдан ҳам қизиқишлар бўлаётгани ростми?
- Ҳа, рост қизиқишлар бор. Кўрамиз, насиб қилганида.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар