Қўшни мамлакатлар футболчиларига нисбатан легионер мақоми олиб ташланиши мумкин

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев бугун Суперлиганинг 2-туридан ўрин олган "Локомотив" - "Навбаҳор" (1:2) учрашувидан сўнг, "лочинлар"нинг ғалаба голига муаллифлик қилган ва ўйиннинг энг яхши футболчиси, деб топилган тожикистонлик легионер Эҳсони Паншанбе ҳақида гапирар экан, келажакда қўшни мамлакатлар футболчиларидан легионер мақомини олиб ташланиши мумкинлигини айтди.

"Бир йил аввал, "Локомотив" мавсумдаги илк расмий уй учрашувида Тожикистоннинг "Истиқлол" клубини қабул қилиб, 0:1 ҳисобида имкониятни бой берганди. Душанбеликлар сафида Паншанбе тўп сурганди.

Бугун "Локомотив" мавсумдаги илк расмий уй учрашувида яна енгилди. Ғалаба голи тожикистонлик футболчи томонидан киритилди.

Вақти келиб, Ўзбекистонда қўшни мамлакат футболчиларини легионер ҳисобламаслик масаласини овозга қўйиш мумкин. Бу билан биз уларнинг сара футболчиларини ўз чемпионатимизга жалб қилибгина қолмай, қўшни мамлакатлар мухлисларининг эътиборини ҳам ўзимизга тортишимиз мумкин", - деди Имомхўжаев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!