Қозоғистонлик футболчи "Барселона" ёшлар жамоасида дебют қилди
Қозоғистон ёшлар терма жамоаси вингери Карим Мендиканов «Барселона»нинг ёшлар жамоаси сафида илк бор майдонга тушди, деб хабар бермоқда Sports.kz.
Ёш футболчи ўзининг «Инстаграм» саҳифасида «Кадет А» (U-16) жамоаси таркибида «Ла Масия» академиясининг ички жамоасига қарши ёпиқ ўртоқлик учрашувидан олинган суратлар сериясини жойлаштирди.
Пост остида у қисқагина қилиб: «Дебют», — деб ёзиб қўйди.
15 ёшли Мендиканов жорий йил июль ойида «Барселона» билан уч йиллик расмий шартнома имзолаган. Унгача у «Ла Масия» академиясида муваффақиятли синовдан ўтган эди. Уральсклик бу ёш футболчи бир неча йилдан бери Испанияда яшаб, Каталониянинг ёшлар клублари — «Серданьола» ва «Сан-Кугат» таркибида ўйнаб келарди. Айнан шу ерда у каталониялик грант скаутларининг эътиборини ўзига қаратган.

Фикрлар