"Рақибимиз кимлигини яхши биламиз, Жасур Ҳасановнинг зарбалари хавфли" - "Хўжанд" устози бўлажак ўйинга қандай тайёрланаётгани, "Сўғдиёна"нинг кучи ва мақсади ҳақида
Тожикистоннинг “Хўжанд” клуби юртимиз ишқибозлари учун яхши таниш. Жорий йилги ОФК Кубогида гуруҳ баҳсларидан эсон-омон ўтди.
Кеча бўлиб ўтган қуръага кўра, ОФК Кубогининг 1/4 финал босқичига чиқиш учун “Хўжанд” жамоаси 17 август куни ўз майдонида Жиззахнинг “Сўғдиёна” клубини қабул қилади.
Мазкур жуфтлик ғолиби сентябрь ойи бошларида Гонконгда “Истрн Лонг Лайнс” клуби билан тўқнаш келади. Шу боис Sports.uz мухбири “Хўжанд” жамоаси бош мураббийи Рустам Ходжаев билан боғланиб, жамоасининг тайёргарлиги ва ОФК Кубогидаги бўлажак рақиб - “Сўғдиёна” ҳақида суҳбатлашди.
- “Хўжанд” клубининг ёзги тайёргарлик режаси қандай? Эшитишимча, жамоангиз билан Тошкентда йиғин ўтказмоқчи экансиз, шундайми?
- Мавсумнинг иккинчи қисмига тайёргарликни бошлаганимизга 1-2 кун бўлди. Табиийки, шу билан бирга биз ОФК Кубоги доирасидаги муҳим ўйинга ҳам ҳозирлик кўряпмиз. Тайёргарлигимиз яхши, аста-секинлик билан бошлаганмиз. Айрим ҳал қилишимиз керак бўлган ишлар бор, шуларни ҳал қиляпмиз. Ҳозирча машғулотимизни ўзимизда давом эттиряпмиз. Йиғинимизни кейинчалик қаерда ўтказишимизни ҳозир аниқ айта олмайман. Тошкентда бўладими ёки ўзимиздами, кейинроқ маълум бўлади.
- Қуръага кўра, “Хўжанд” ОФК Кубоги доирасида кейинги учрашувини “Сўғдиёна”га қарши ўз майдонида ўтказадиган бўлди. Бу жамоангизга устунлик бериши мумкинми?
- Боя айтганимдек, биз “Сўғдиёна” билан баҳсга ҳам тайёргарлик кўряпмиз. Ўз майдонимизда мухлисларимиз кўз ўнгида тўп суришимиз бизга куч бағишлайди. Яхши биласиз, ишқибозлар 12-ўйинчи ҳисобланади. Уларнинг стадионни тўлдириб ўтириши ва бизни қўллаб-қувватлаши албатта жамоамизни жуда хурсанд қилади. Лекин бу айнан бир ўйинга катта таъсир қилмайди. Ким яхши тайёргарлик кўрса, ўйинни зўр ўтказса, ўша жамоа ғалаба қозонади. Рақибимиз кимлигини яхши биламиз ва шундан келиб чиққан ҳолда бўлажак учрашувга тайёрланамиз.
- “Хўжанд” клубиинг ОФК Кубогида олдига қўйган мақсади қандай?
- Табиийки, ОФК Кубогида олдимизга қўйилган дастлабки вазифа гуруҳдан чиқиш эди. Бу “Хўжанд” клуби тарихида илк бор юз берди. Энди аниқки, олдимизга қўйиладиган вазифалар бундан-да юқори бўлади. Албатта, “Сўғдиёна”нинг кучини яхши биламиз. Рақибни ҳурмат қиламиз. Майдонга тушамиз ва ғалаба қозонишга, кейинги босқичга чиқишга ҳаракат қиламиз. Лекин олдимизга қўйилган асосий вазифани уддаладик. Бундан буёғига ҳар бир учрашувдан кейин олдимизга янги мақсадлар қўйиб борамиз.
- “Сўғдиёна”нинг гуруҳдаги учрашувларини кўрган бўлсангиз керак. Сизда қандай таассурот қолдирди? Масалан, кучли томонлари нимада?
- “Сўғдиёна” ҳақида нима дейишим мумкин? Турнир бошланишидан аввал “Сўғдиёна” ўз гуруҳининг фаворити саналарди ва бу жамоа якунда ўз мақсадига етди. Табиийки, биз рақибни яхши биламиз. Ўйинларини кузатдик. Жамоа иштирокидаги видеоёзувларни кўриб чиқдик ва таҳлил қилдик. Шу сабабли бўлажак учрашувга астойдил тайёргарлик кўрамиз. “Сўғдиёна” жиддий рақиб. Бор кучимиз билан ўйнашга ҳамда ғалаба қозониб, кейинги босқичга чиқишга ҳаракат қиламиз. Лекин бу футбол. Ким яхши ўйнаса, ўша жамоа ғалаба қозонади. Бошқа клубларга қараганда, “Сўғдиёна”нинг кучли эканлиги кўриниб турганди. Стандарт вазиятлардан яхши фойдалана олади. Кучли ижрочиларга эга. Шу сабаб бизни анча оғир ўйин кутиб турибди.
- “Сўғдиёна” сафида сиз учун энг хавфли футболчи ким?
- Биласизми, кимнидир ажратиб кўрсатиш жуда қийин. Ҳамма футболчилари ўзига яраша кучли. Стандарт вазиятларида ҳимоячилари яхши қўшиляпти. Айниқса, Жасур Ҳасанов ижросидаги жарима зарбалари анча хавфли кўриниш олмоқда.
- Ҳозирги ёзги селекция жараёнида таркибда қандай ўзгаришлар бўляпти?
- Ҳа, албатта, трансфер ойнаси очилган. Таркибимизда ўзгаришлар бўлади. Жамоани кучайтира оладиган футболчиларни излаяпмиз. Бу масала устида селекция бўлими иш олиб бормоқда. Лекин ҳозирча ҳеч нима айта олмайман. Чунки аниқ трансферлар йўқ ва янги шартномалар ҳали тузмадик. Аммо жамоамизни кучайтиришга ҳаракат қиламиз. Вариантлар қидирамиз, ўзгаришлар бўлади.
- “Хўжанд”да ўзбекистонлик легионерлар бор. Лекин эшитишимча, улардан бири – Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев клубни тарк этган. Бунинг сабаби нимада?
- Ҳа, бизда бир қанча легионерлар бор эди. Айримлари билан хайрлашишга мажбур бўлдик. Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев билан унинг хоҳишига кўра хайрлашдик. ОФК регламентига кўра бир жамоа учун 4 та легионерга рухсат берилган, бизда эса 6 та эди. Шоҳруҳ жуда иқтидорли йигит. Биз уни қишда таркибимизга қўшиб олгандик. Лекин футболчини жароҳатлар қийнаб юборди. Кутилмаган жароҳатларга йўлиқди. Шу сабабли унинг имкониятларидан тўлақонли фойдалана олмадик. Шу боисдан у жамоани ўзгартиришга қарор қилди. Лекин биз футболчи билан ҳамкорликни давом эттирмоқчи эдик. Шоҳруҳга жароҳатлар таъсир қилди. Бироқ Маҳмудҳожиевни жамоамизда қолишини, биз билан ҳамкорликни давом эттиришини хоҳлагандим. Билишимча, ҳозир унда ҳаммаси яхши, ишлари жойида, деб эшитдим.
- Жамоангизга яна Ўзбекистондан янги футболчиларни таклиф қилиш режангиз борми?
- Ўзбекистонданми ёки бошқа мамлакатдан бўладими, аниқ бир нима дея олмайман. Бироқ таркибни кучайтириш устида ва легионерларни қидириш бўйича ишлашда давом этамиз.
- Биламизки, Тожикистонда “Истиқлол” биринчи рақамли жамоа ҳисобланади. “Хўжанд” ушбу клубнинг гегемонлигига чек қўйишига қурби етадими?
- Қийин савол. Тожикистон чемпиони бўлиш учун жамоани жуда яхши шакллантириш керак. Айтиш мумкинки, бундай ижрочилар ҳозирча бизда йўқ. Албатта, ҳаракат қиламиз, олдимизга юқори мақсадларни қўямиз. “Истиқлол” қолган клублардан анча кучли. Лекин биз ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишга интиламиз. Буни уддасидан чиқамизми-йўқми, вақт кўрсатади. Лекин юқори мақсадларга эришиш учун курашишда давом этамиз.
Фикрлар