Расман! Флойд Мейвезер ва You Tube блогери Логан Пол ўртасидаги жанг санаси маълум бўлди

Профессионал бокснинг 5 вазн тоифаси собиқ чемпиони Флойд Мейвезер (50-0) ва You Tube блогер Логан Пол (0-1) жанги санаси ва манзили аниқ бўлди. Унга кўра, мазкур кўргазмали жанг 6 июнь куни "Hard Rock Stadium" аренасида бўлиб ўтади. Келишув бўйича жангда Мейвезернинг вазни 160 фунт (-72,5 кг), Пол эса 190 фунтдан (-86,1 кг) ортиқ бўлмаслиги керак.

Логан Пол You Tube тармоғида 22 миллиондан ортиқ кузатувчига эга. У ҳозирга қадар бир маротаба профессионал боксда кўргазмали жангда иштирок этган. 2019 йилнинг ноябрь ойида Пол бошқа бир блогер KSI номи билан машҳур бўлган Олажиде Уильямс Олатунжи билан жанг қилиб, очколар ҳисобида мағлуб бўлганди.

Флойд Мейвезер эса 2018 йилнинг декабрь ойида япониялик кикбоксингчи Теншин Насукавага қарши бокс йўналишидаги жангда иштирок этиб, рақибини нокаутга учратган.

Эслатиб ўтамиз, мазкур жанг аввалроқ 21 февралга белгиланиб, кейинчалик бекор қилинган эди. Логан Полнинг укаси Жек Пол эса яқиндагида собиқ ММА жангчиси Бен Аскрен билан жанг қилиб, 1-раундда нокаут эвазига ғалаба қозонди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)