Расман! “Манчестер Юнайтед” ҳайдалган юлдузни қайтарди
“Манчестер Юнайтед” тарбияланувчиси Мэйсон Гринвуд яна клуб ихтиёрига қайтди. Бу ҳақда манчестерликлар расмий сайти маълум қилди.
22 ёшли футболчи зўравонликда айблангани учун жамоадан четлатилган эди. Гарчи судда оқланган бўлса-да, “Манчестер Юнайтед” мутасаддилари уни жамоага яқинлаштирмади.
Бунинг оқибатида Гринвуд мавсумни ижара асосида “Хетафе”да ўтказди.
Ҳужумкор футболчининг Испанияда ишлари юришиб кетди. Барча турнирларда 36 та учрашувда иштирок этиб, ўнта гол ва олтита ассист қайд этган ўйинчининг харидори кўпайди.
Гринвуднинг манчестерликлар билан келишуви якунланишига бир йил бор. Transfermarkt портали томонидан 15 миллион еврога баҳоланаётган истеъдодли чарм тўп устасига “Ювентус”, “Боруссия Дортмунд”, “Атлетико”, “Наполи”, “Барселона” ва бир нечта бошқа клублар даъвогарлик қилмоқда.
Фикрлар