Расман! "Машъал" клубига испаниялик мураббий келди

“Машъал” испаниялик Серхио Маринангели билан келишувга эришди. У Дилявер Ваниев бошчилигидаги мураббийлар штабида иш бошлайди. Серхио жамоада маслаҳатчи мураббий лавозимида фаолият олиб боради. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди. Маринангели бунга қадар, Про лигада “Оқ-тепа” жамоасида ишлаб келаётганди.

Маълумот ўрнида, испаниялик мутахассис Серхио Маринангели 2015-2017 йилларда Экваториал Гвинея терма жамоасида бош мураббий Эстебан Беккерга ассистентлик қилган ҳамда 2015 йилги Африка Миллатлар кубогида ярим финал босқичигача олиб бориб, қитъанинг кучли тўрт жамоаси қаторидан жой олишида катта ҳисса қўшган.

Маринангели фаолияти давомида 2014-2015 йилларда Испания чемпионатининг биринчи лигаси вакили "Эскуела Футбол Алуче" жамоасида бош мураббий, 2016-2017 йилларда Мадрид ёшлар жамоаси бўлмиш "Юнион Депортива Трес Сантос" клубида, 2017 йилдан бугунги кунгача эса, Мадрид лигасининг "Иглесиас Ла Вид" клубида мураббий сифатида фаолият юритиб келган. 2019 йилда УЕФА Про лицензиясини қўлга киритган. "Реал Мадрид", "Атлетико Мадрид" клубларида малака оширган, шунингдек, АПЛ иштирокчиси "Лидс" клуби бош мураббийи Марсело Бьелса қўл остида амалиёт ўтаган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!