Расман! Сакен Полатов янги лавозимга тайинланди

Ўзбекистон бокс федерацияси расмий "Телеграм" саҳифаси ушбу хабарни эълон қилди ва қуйидагича ёзиб қолдирди: 

"Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, Осиё бокс конфедерацияси Ижроия Қўмитаси аъзоси, Осиёда боксни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш фонди раҳбари Сакен Полатов Осиё бокс конфедерациясининг вице-президенти лавозимига сайланди. 

Бу ҳақида ташкилот матбуот хизмати ҳам расман эълон қилди. Ушбу хабарнинг ўзбек тилидаги кўринишини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов дам олиш кунлари ўтказилган Ижроия Қўмитаси аъзолари йиғилишида катта фарқдаги овоз билан Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти лавозимига сайланди. Бугундан бошлаб жаноб Сакен Полатов Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти ҳисобланади.

Сакен Полатов 2019 йилнинг апрель ойида Бангкокда ўтказилган ASBC Бош ассамблеяси давомида Ижроия Қўмита аъзолигига сайланганди.

2020 йилнинг декабрь ойидан бошлаб Осиёда боксни ривожлантириш жамғармаси раҳбари этиб тайинланган. Ушбу фонд Осиёда боксни ривожлантириш, келажакда узоқ муддатли муваффақиятларга эришиш мақсадида ASBC президенти Анас Алотаиба томонидан тасъсис этилган. Ушбу фонд апрель ойида Тошкентда ўтказилган бокс оқшомидан сўнг "Hilton" меҳмонхонасида ўзининг дастлабки йиғилишини ўтказганди.

Сакен Полатов стратегик фикрлаш ва ишга бўлган муносабат бўйича Осиё бокс конфедерацияси раҳбари Анас Алотаиба билан ҳамфикр ҳисобланади.

Осиёда боксни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш фонди раҳбари Сакен Полатовнинг фикрича, тизимни доимий мониторинг қилиш, қайта алоқа ва назорат ишни ташкил этишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Жаноб Сакен Полатовнинг Ўзбекистон бокс федерациясида ажойиб жамоаси бор. Жумладан, Шоҳид Тиллабоев, Малик Бабаев, Муроджон Мамадалиев ва Тамила Сариханова каби мутахассислар ишни ташкил этишда юқори малакага эгадир.

Ўзбекистон бокс федерацияси Польшанинг Кельце шаҳрида ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида фантастик натижа қайд этди ва учта олтин медаль қўлга киритди. Улар қаторида аёллар бокси олтин медали ҳам бор. Нигина Ўктамова, Шаҳзод Музаффаров ва Жаҳонгир Зокиров Кельцеда олтин медалга эга чиқди.

Ўзбекистон катталар терма жамоаси эса Санкт-Петербургдаги "Губернатор Кубоги"да тўртта олтин медални қўлга киритди. Улар ҳозирда 21 май куни Дубайда бошланадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик кўришмоқда, дея ушбу баёнотга якун ясаган ASBC матбуот хизмати.

Ўз навбатида, Ўзбекистон бокс федерацияси жамоаси номидан Сакен Полатовни ушбу юқори лавозим билан қутлаймиз ва ушбу масъулиятли, шарафли вазифада муваффақиятлар тилаймиз", - дейилади федерация расмий каналида. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!