Равшан Дастиров Татаристоннинг фахрий нишони билан мукофотланди
Жорий йилнинг 2 ноябрь кунидан Россиянинг Қозон шаҳрида белбоғли кураш (борьба на поясах) бўйича эркаклар ўртасида халқаро турнир бўлиб ўтмоқда.
Қозон шаҳридаги "Ак Барс" номли спорт мажмуасида ўтаётган халқаро турнирда Фарғона вилояти Ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ризобек Машарипов, Фарғона вилояти белбоғли кураш федерацияси ижрочи директори Мираншоҳ Рўзиев бошчилигидаги Фарғона вилояти терма жамоасидан иборат полвонлар ҳам тўлиқ таркиб билан иштирок этишмоқда.
Мазкур халқаро турнир доирасида халқаро белбоғли кураш федерациясининг (IBWA) навбатдаги конгресси ҳам ўтказилди. Қувонарлиси, ушбу конгрессда иштирок этган Халқаро белбоғли кураш федерацияси (IBWA) вице-президенти, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров бир овоздан яна қайта тўрт йилга халқаро федерацияга вице-президент этиб сайланди.
Шунингдек, Р. Дастиров Татаристон Республикаси спорт вазирининг тегишли буйруғига асосан ушбу вазирликнинг энг олий мукофоти-"Татаристон Республикаси жисмоний тарбия ва спортини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун" фахрий нишони билан мукофотланди. Бундан ташқари Татаристон Республикаси спорт вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси ўртасида жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш борасида ўзаро меморандум ҳам имзоланди.
Халқаро турнир 6 ноябрга қадар давом этади.
Фикрлар