Равшан Эрматов рекордини янгилашда давом этмоқда

Хабарингиз бор, ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов жаҳон чемпионатлари финал босқичлари доирасидаги учрашувларни бошқариш бўйича рекорд соҳиби бўлиб келмоқда. Бу ҳақда minsport.uz сайти хабар бермоқда. 

2010 йили Жанубий Африка Республикасида Эрматов очилиш учрашувини ажойиб ўтказганидан сўнг футбол жамоатчилиги орасида алоҳида ҳурмат-эътибор қозонган. Ўша мундиалда Эрматов гуруҳ босқичининг яна икки ўйинини ҳамда плей-офф босқичидаги икки учрашувни бошқарган эди. Битта чемпионатда бешта учрашувни бошқариш бу борадаги рекорд саналади.

Орадан тўрт йил ўтгач, Равшан Эрматов Бразилия майдонларида кечган яна тўрт учрашувни бошқарди ва ўйинлари сонини тўққизтага етказиб, бу борада якка пешқадамга айланди. Энг яқин уч тақибчиси аллақачон ҳакамлик фаолиятини якунлаганини инобатга олсак, яқин орада ҳамюртимиз натижасини фақат унинг ўзигина яхшилаши мумкин эканлиги яққол кўзга ташланади.

Равшан Эрматов учта жаҳон чемпионати учрашувларини бошқариб бу борадаги рекорд ҳаммуаллифига айланди.

Россиядаги мундиалда Эрматов 21 июнь куни 2-турдан ўрин олган Аргентина - Хорватия учрашувида ишлади ва ўзига хос “юбилей”ни нишонлади. Гуруҳдан плей-оффга чиқиш масаласи кун тартибига қўйилган ўта кескин ва муросасиз баҳсни Равшан босиқлик ва ишонч билан ўтказди. Бир қатор мураккаб вазиятларда бўлар-бўлмасга карточка кўрсатиб эмас, футболчиларни тартибга чақириш орқали ўйин тизгинини ўз қўлида сақлаб қолди.

25 июнь куни Калининград шаҳридаги стадионда Испания – Марокаш учрашуви бўлиб ўтди. Мазкур баҳсни ўзбекистонлик Равшан Эрматов бригадаси бошқарди. Қанотларда унга ҳамюртларимиз Абдуҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидов ёрдам беришди. Захира ҳаками Муҳаммад Абдулла (БАА).

Шу тариқа, Эрматов жаҳон чемпионатларида бошқарган ўйинларининг сони бўйича ўз рекордни янгилашда давом этмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!