Равшан Эрматов: "Ушбу совринни бизга топширилгани жуда ёқимли, бу ассоциациямизга мотивация ўрнида хизмат қилади"
Хабар бериб ўтганимиздек, Қатар пойтахти Доха шаҳрида Осиё футбол конфедерациясининг “AFC Annual Awards” йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон футбол ассоциацияси “Йилнинг энг яхши футбол ассоциацияси” номинациясида ғолибликни қўлга киритди.
ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ушбу совринни қабул қилиб олди. Албатта, ушбу юксак эътибор ва ишонч биз учун ёқимли ҳамда қувончлидир.
Ғолиблик учун биздан ташқари Япония ва Эрон футбол ассоциациялари ҳам даъвогарлик қилишди. Бироқ якунда Ўзбекистон футбол ассоциацияси энг зўри деб топилгани жуда ўзгача бўлди.
Ўз навбатида “Йилнинг энг яхши футбол ассоциацияси” совринини қабул қилиб олган Равшан Эрматов Sports.uz сайтига бу борадаги фикрлари билан ўртоқлашди.
“Ўзингиз биласиз, халқаро ташкилотлар, ОФК ҳар бир миллий ассоциацияларида қилинаётган ишлар, футболни ривожлантиришга қаратилаётган ҳар қандай фаолиятни синчковлик билан ўрганиб боради. Энг яхши футбол ассоциацияси танлови 20 дан ортик критериялар бўйича танлаб олинди. Кучли учталикка кирганимизни билганимиздан кейин бизда қандайдир умид пайдо бўлганди. Албатта, якунда ушбу совринни бизга топширилгани жуда ёқимли бўлди. Албатта, бу футбол ассоциациямизга мотивация ўрнида хизмати қилади. Бизга янада катта куч ва энг кераклиги футболимиз ривожида тўғри йўлда эканимиздан далолат берадиган унвон ва бундан хурсандмиз.
Осиё футбол конфедерациясининг ЎФАни футболи тез ривожланаётган давлатлар қаторига қўшиши авваламбор ҳурматли Президентимизнинг спортга, футболга қаратаётган эътиборларини алоҳида таъкидлашимиз жоиз. Қолаверса, спорт вазирлиги, олимпия қўмитаси билан Абдусалом Абдумавлонович Азизов бошчилигидаги ассоциация жамоаси, ПФЛ, клублар, ҳакамлар, футболни ривожланишига алоқадор бўлганларнинг меҳнати, албатта бу ерда журналистлар ва мухлислар, барча-барча катта жамоаларнинг футбол ривожи йўлида кўрсатаётган меҳнати ва фидойилиги туфайли мана шундай соврин қўлга киритилди. Барчанинг ўрни беқиёс.
Япония билан Эрондан устунлик жиҳатимизни айтишим қанчалик тўғри ёки нотўғри бўлади, ҳаммасини ОФК ҳал қилган. Боя айтиб ўтганимдек, ОФК энг яхшисини аниқлашда 20 дан ортиқ критериялари бор. Айнан бир йил ичида ким қандай фаолият олиб боргани бўйича аниқланган. Қайси критерияларда биз олдинда бўлдик, қайсиларида Япония ёки Эрон олдинда бўлди, буларни ОФК билади. Бу соврин бизни ҳаволантириб, оёғимизни ердан узиб қўймайди. Янада масъулият ва иштиёқ билан ишлашга яхшигина далда беради”, - дейди Равшан Сайфиддинович.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар