Равшан Ҳайдаров: Ким финалга чиқади? Аниғини айтайми?

Coca-Cola Ўзбекистон Кубоги ҳам ўзининг якуний палласига келиб қолди. 16 декабрь куни ярим финал баҳслари ўтказилади ҳамда финалга чиқадиган жамоалар номи маълум бўлади.

Хабарингиз бор, финалга йўлланмани олиш учун “Қўқон-1912” – “Пахтакор” ва АГМК – “Насаф” жамоалари баҳс олиб борадилар. Эътиборлиси, Суперлигада кучли учликни эгаллаган – “Пахтакор”, “Насаф” ва АГМК клублари Кубокни қўлга киритиш учун ҳам асосий даъвогарлар бўлиб туришибди. Аммо бу йўлда қўқонликларнинг кучига ҳам етарлича баҳо бериш адолатдан бўларди. Улар чемпионатда фахрли 5-поғонани банд этишди ва Кубок йўлидаги курашда ҳам мақсади жиддий эканлигини кўрсатиб келмоқда.

Аниғи шуки, иккала жуфтликда ҳам ўйинлар юқори даражада ўтиши шубҳасиз. Албатта, учрашувдан аввал турли тахминлар ва муносабатлар билдирилиши табиий. Таниқли мутахассис Равшан Ҳайдаров эса ярим финалдан олдин жамоаларнинг имкониятларини баҳолаган ҳолда sports.uz учун қуйидагиларни айтди:

“Қўқонликларда ҳар доим ҳам бундай имконият бўлавермайди”

- Класс бўйича “Пахтакор”нинг имконияти юқорироқ. Уларнинг таркиби ва захира ўриндиғи ҳам кучли. Жароҳат олган ўйинчилари ҳам қайтган. Ўйин Қўқонда бўлишига қарамасдан “Пахтакор”нинг имконияти бироз баланд деб ўйлайман. Лекин қўқонликлар ўз уйида ҳаракат қилади ва бундай имконият ҳар доим ҳам бўлавермайди. Шунинг эвазига мезбонлар катта шижоат ва иштиёқ билан майдонга тушишади. Бу ерда фақат “Пахтакор”нинг тажрибаси юқорироқ бўлгани учун ғолиб чиқиш имконияти мезбонларга қараганда 10 фоизга баланд. Лекин иккала беллашув ҳам жуда қизиқарли ва жанговор ўтади.

“Кўп нарса футболчиларнинг қандай тикланишганига боғлиқ”

- Менинг назаримда бу жуфтликда иккала жамоанинг имконияти 50х50. АГМК ҳам, “Насаф” ҳам чемпионатда медалларга ҳақли эканлигини исботлашди. Энди бўлса, Кубокда ҳам муносиб эканликларини исботлаб ярим финалга етиб келишди. “Насаф” бундан олдинги иккита учрашувни сафарда ўтказганди ва бу гал ҳам яна меҳмонда ўйнайди. Шундай бўлса ҳам қаршиликлар водийдаги учрашувларда характерли жамоа эканини кўрсатяпти. АГМК ҳам бундан олдинги босқичда “Металлург”га қарши учрашувда кўп куч сарфлади ва 120 дақиқа ўйнади. “Насаф” ҳам “Андижон” ва “Навбаҳор” билан ўтган беллашувларда 120 дақиқадан ўйнади. Қолаверса, қанча йўл босишганини ҳам унутмаслик керак. Ўйлайманки, мураббийлар футболчиларни тиклашга ҳаракат қилишган. Ишонаманки, Олмалиқда жуда қизиқарли ўйин кечади. Олдинги учрашувдан кейин қайси жамоа тикланишни яхши ўтказган бўлса, ўша жамоа ютиб кетади.

“Иккала ўйин ҳам 120 дақиқага чўзилиши мумкин”

- Ким финалга чиқади? Аниғини айтайми? Иккала жуфтликда ғолиб чиққан жамоалар финалга чиқади (кулади). Айтдим-ку, ҳар бир жамоада имконият бор. Тўғри, “Пахтакор”нинг имконияти бироз юқори. Аммо бу ҳеч нимани билдирмайди. “Қўқон-1912” жамоаси тахминларни йўққа чиқариш қўлидан келади. Ҳаммаси ўйиндаги вазиятларга боғлиқ. Ким кўпроқ хоҳласа ва ақл билан ўйнаса омад ўша жамоага кулиб боқади. Бу каби Кубок беллашувларида ҳар қандай ҳисоб бўлиши мумкин. Қолаверса, битта ўйиндан иборатлигини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Шундай экан, кутилмаган жамоалар хам финалга чиқиши мумкин. Иккала учрашувларда ҳам ўйин вақти 120 дақиқага чўзилиш эҳтимоли бор.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Дилшод Даврлнов
15/12/2020 19:37
Пахтакорга нимага хар доим финалга чикишда ярим финалда Кучсиз клуб тугри келади Бу йирда Шафофлик Адолат йук Пахтакор номи колиш учунми Тасодиф бир марта булади Доим такрорланмаеди КОРУПСИЯ ни роли бор Бунакада ЖХЧ га тушларингда чикасанлар
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
15/12/2020 22:45
shu yil ham uzi bilmagan holga. Diyor hatolikka yul quydi. Nasafni fenalgacha ado tamom qilishdi lekin. Diyor qurani netral muhlis ayni beron klubni fan klubni boshligi. chaqirish kerak edi. Oddiy misol Nasaf tushkan sharni ustini sahal chizib. ozgena ogir. qilib quysa buladiki.