Равшан Ҳайдаров "Сурхон" билан бирга эмас, чунки...

Термизнинг “Сурхон” клубида ҳам муваффақиятсиз ўйинлар кўпайиб кетди. Ўтган турда улар Қаршида “Насаф”дан жавобсиз бешта гол ўтказиб юборди. Аммо ўша учршувда “Сурхон” футболчилари бош мураббийсиз ўйнади. Равшан Ҳайдаровнинг ушбу ўйинда қатнашмагани эса турли гап-сўзларга сабаб бўлаётгани табиий. Биз эса вазиятга ойдинлик киритиш илинжида термизликлар устози билан боғландик.

-  “Сурхон”нинг “Насаф”га қарши ўйинида кўринмадингиз...

-  Ҳа, бироз мазам йўқ. Ҳозир даволаняпман. Биз covid-19 бўйича касалланиб ўтдик. Энди унинг асоратини бартараф этиш учун муолажалар оляпман. Ҳозир бироз “давления” ўйнаб турибди. Шифокорларнинг назоратида бўлиб турибман.

-  Қачон ишга қайтасиз?

-  Аввал даволаниб олай, кейин кўрамиз. Ҳозирча бир нима айта олмайман.

-  Жамоангизнинг “Насаф” билан ўтказган учрашувини телевизор орқали кўрдингизми ёки бунинг имкони бўлмадими?

-  Кўрдим. Ёмон ўйнадик.

хайдаров2_1

-  Бош мураббийнинг йўқлиги “Сурхон” жамоасига таъсир кўрсатгани ҳақида ҳам эшитяпмиз. Балки ўзингиз бўлганингизда вазият бунчалик даражага етиб бормасмиди...Барибир сизга ҳам телевизор орқали жамоангизнинг бундай ўйинини кузатиш оғир бўлса керак?

-  Нима сабабдан бундай йирик ҳисобда ютқазганимизни билмадим. Телевизор орқали кўриб, бир нима дейишим нотўғри бўлади. Кўриниб турибдики, ўйинимиз қовушмади ва шунинг эвазига жамоамиз яхши ўйнай олмади. “Қизилқум” билан учрашувдан кейин мазам қочгач, даволанишга ўтдим.

-  Жамоадаги ишингиз ким бажариб турибди?

-  Владимир Андреев ва Шавкат Абдухўжаев биргаликда бажаришяпти.

-  “Сурхон”нинг муваффақиятсиз натижалари балки соғлигингизга ҳам таъсир кўрсатгандир, нима деб ўйлайсиз?

-  (Кулади) Билмадим. Балки қониқарсиз натижалар туфайли асабдан зўриқиш бўлгандир.

хайдаров3_1

-  Умуман олганда, жамоангизнинг қийин ҳолатга тушиб қолгани сизни ташвишлантиряптими?

-  Албатта, ташвишлантиряпти. Қўлимиздан келган ҳамма ишларни қиляпмиз. Лекин керакли очколарни тўплай олмаяпмиз. Афсуски, ҳозир шунақа оғир вазиятдамиз. Балки битта ғалаба қозониб олсак, вазият яхши томонга ўзгариб кетар. Биз шунинг учун ҳаракат қиляпмиз.

-  Эсимда, сизнинг бошчилигингиздаги “Сурхон” Андижонда уч очкони қўлга киритганди ва ўша ғалаба сиз келгандан кейин ҳозирча ягоналигича қолмоқда. Умумий ҳисобда эса клубда иккита ғалаба бор. Аммо бахтга қарши “Андижон” ҳам, “Бухоро” ҳам очколарини йўқотишмоқда. Турнир жадвалида эса айнан учала клуб аутсайдер мақомида бўлиб туришибди.

-  Вазиятдан чиқиб кетиш учун ғалаба керак. Керакли очколарни йиғишимиз жуда муҳим.

хайдаров4

-  Гарчи “Сурхон”да тажрибали футболчилар тўпланганига қарамай, жамоавий ўйинни йўқлиги натижаларга ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмаяпти. Бош мураббий сифатида бу хусусида нима дея оласиз?

-  Ўйин бобида, жисмоний тайёргарлик жиҳатидан ва таркибдаги муаммоларнинг ҳаммаси бир пайтга тўғри келиб қолмоқда. Бунинг устига пандемия туфайли касалланиш ҳолатлари ҳам кўпайди. Биз ҳали оптимал таркибда ўйнай олмадик. Ҳар доим жамоамизда қандайдир етишмовчиликлар юз беряпти. Захира ўриндиғимиз эса узун эмас. Ёш ўйинчиларга имконият беряпмиз. Уларга эса тажриба етишмаяпти. Хуллас, кўплаб омиллар бор.

-  Пандемия сабабли яна карантин жорий этилса, бу чемпионатимизга таъсир кўрсатиши қанчалик ўйлантирмоқда? Агар учинчи марта Суперлига баҳслари тўхтатиладиган бўлса, бунга қандай қарайсиз?

-  Албатта, соғлик биринчи ўринда. Нима бўлишидан қатъи назар саломатлик асосийси. Агар футболчилар орасида ҳам касалланишлар кўпайиб кетса, иложи йўқ, тўхтатишлари мумкин бўлади.

-  Сизга соғлик тилаймиз. Тезроқ соғайиб кетинг!

-  Раҳмат.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!