“Реал” Англия чемпионига мурожаат қилди
“Реал Мадрид” ёзги трансферлар даврида ҳимоя чизиғини ислоҳ қилишни мўлжаллаяпти. Клубнинг трансфер нишонидаги бир неча футболчилар январь ойидаёқ бошқа жамоаларга ўтиб кетди.
“Сантьяго Бернабеу” учун асосий устувор позициялардан бири янги марказий ҳимоячи олиш масаласи ҳисобланади. Клуб ўтган ёз Дин Хёйсенни олганига қарамай, Антонио Рюдигер ва Давид Алаба шартномалари тугаяпти. Бу икки ўйинчи кетса, марказий ҳимояни ёпиш учун Хёйсендан ташқари фақат Раул Асенсио ва Эдер Милитао қолади.
Бразилиялик Милитао эса сўнгги уч йил давомида жиддий жароҳатлар туфайли мавсумларнинг катта қисмини ўтказиб юборган.
Марказий ҳимояга мўлжаллаган ўйинчилардан Марк Гехи “Манчестер Сити”га кўчиб ўтди, Дайот Упамекано эса, “Бавария” билан шартнома имзолашга кўнди.
Шу боис, мадридликлар аввал рад этилган номзод – Иброҳи Конате вариантига қайтди. Сўнгги хабарларга қараганда, мадридликлар “Ливерпуль” ҳимоячиси агентлари билан боғланиб, трансфер маълумотларини сўраган.
Агар бу трансфер ўхшамаса, “Реал” захира режасини ҳам тайёрлаб қўйган. Унга кўра, клуб академияси тарбияланувчиси Жоан Мартинес асосий жамоага жалб қилиниши мумкин. Бундан ташқари, “Реал” ўтган ёзда Италиянинг “Комо” жамоасига сотиб юборган Жакобо Рамонни қайта сотиб олиш вариантини қўллаш ҳуқуқига ҳам эга.
Фикрлар