
“Реал” барча замонлар рекордини ўрнатди
“Реал” футболчилари Европа Чемпионлар лигасининг чорак финалига йўлланма олди ва бош соврин учун юришни давом эттирадиган бўлди.
Карло Анчелотти шогирдлари нимчорак финал босқичида ўз ҳамшаҳарлари – “Атлетико” билан тўқнаш келган эди. Ҳар икки жамоа ўз майдонидаги учрашувда зафар қучгани боис, мусобақани ким давом эттириши пенальтилар сериясида аниқланди.
11 метрлик нуқтадан тўп тепишда омад “Қироллик клуби” томонидан бўлди ва улар жавоб учрашувига мезбонлик қилган “матрасчилар”ни 4:2 ҳисобида доғда қолди.
Squawka статистика марказининг маълум қилишича, “Реал” қитъанинг энг нуфузли мусобақасида тўртинчи маротаба пенальтилар сериясида ғолиб чиқди. УЕФА Чемпионлар лигаси ва бу турнир Европа Чемпионлар кубоги деб аталган даврда ҳам ҳеч бир жамоа бунақа кўрсаткич қайд этолмаган.
Демак, “Реал” ушбу мусобақада пенальтилар сериясида ғолиб чиқиш бўйича барча замонлар рекордини ўрнатди.
Энди Карло Анчелотти шогирдлари кейинги босқичда Лондоннинг “Арсенал” жамоаси билан куч синашади. Биринчи учрашув 8 апрель куни Лондонда, жавоб ўйини 16 апрелда Мадридда бўлиб ўтади.
Фикрлар