“Реал” Гюлер бўйича катта таклифни рад этди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

“Реал” клуби Саудия Арабистонидан туркиялик футболчи Арда Гюлер учун катта таклиф олди. Шайхлар иқтидорли ўйинчи трансфери учун 80 миллион евро тикди. Бироқ Мадрид суперклуби саудияликларга рад жавобини берди.

Бу қарор клуб Жозе Моуриньо бошчилигида янги даврни бошлаш арафасида қабул қилинди.

Испания матбуоти нашрига кўра, мадридликлар музокараларга ҳам киришмасдан таклифни бекор қилган. Бу эса 21 ёшли ярим ҳимоячи Арда Гюлер клубнинг узоқ муддатли режаларида муҳим ўрин тутишини кўрсатади.

Бу воқеа Мадрид клуби муваффақиятсиз ўтган мавсумдан кейин португалиялик мураббий Жозе Моуриньо билан икки йиллик шартнома тузиши кутилаётган пайтга тўғри келди.

Хабарларга кўра, клуб раҳбарияти бу таклифни қабул қилиш шошма-шошарлик қарор бўлишини таъкидлаган. Чунки Арда Гюлер жамоада тобора муҳим ўрин эгаллаб бормоқда.

Туркиялик плеймейкер жамоанинг “сотилмайдиган” футболчиларидан бири сифатида баҳоланмоқда ва клуб уни сотувга қўймаганини очиқ айтган.

Бу мавсумда Арда Гюлер барча мусобақаларда 50 та ўйинда қатнашиб, 6 та гол ва 14 та ассист қайд этди.

Агар мадридликлар арабларнинг таклифини қабул қилганида бу савдо “Фенербаҳче” учун ҳам катта молиявий даромад келтириши мумкин эди. Футболчининг аввалги трансфер шартномасига кўра, “Фенербаҳче” кейинги сотув суммасидан 20 фоиз улуш олиш ҳуқуқига эга. Агар 80 миллион еврога тенг битим амалга ошганида, Истанбул клуби 16 миллион евро ишлаб олар эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!