"Реал" ҳужумчиси Испаниянинг бошқа бир клубига ўтиши мумкин
2023 йилнинг бошида "Атлетико"га қарши баҳсда захирадан майдона тушиб, гол урган Альваро Родригесга бу мавсум деярли ўйин амалиёти берилмади. Энди у клубни тарк этиши мумкин.
"Relevo" нашри хабар беришича, "Хетафе" уругвайлик ҳужумчига жиддий қизиқиш билдирмоқда ва бу таклифга футболчининг ўзи очиқ. Сабаби, 19 ёшли страйкер кўпроқ ўйнашни истайди.
Родригес якунига етган мавсумда атиги икки марта "Реал" сафида майдонга тушди. "Кастилья" таркибида эса 34 та баҳсда иштирок этиб, 10 та гол уришга муваффақ бўлган.
Шундай бўлса-да, унинг асосий жамоага ўтиши қийин масала. Ушбу ёзда клубга Килиан Мбаппе ва Эндриклар келиб қўшилади.
Родригеснинг "қаймоқранглилар" билан тузган шартномаси 2027 йилгача амал қилади. У клубни ижара асосида тарк этиши ҳам мумкин. "Хетафе" эса Ла Лига турнир жадвалида 12-ўрин билан мавсумни якунлади. Бардолас қўл остидаги жамоа асосий ҳужумчиси Борха Майорал жароҳат олганидан кейин қийинчиликларга дуч келиб, сўнгги 5 турнинг барчасида мағлубиятга учради.
Фикрлар