"Реал Мадрид" скаутлари ва мураббийлари Тошкентга келишади

Хабарингиз бор, 2018 йилнинг январь ойида Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол федерацияси 1-вице президенти Умид Аҳмаджонов Испанияга ташриф буюриб, "Реал Мадрид" клуби мутассаддилари билан учрашув ўтказган эди. 

Ушбу учрашувда "Қироллик клуби"нинг Real Madrid Foundation Clinic дастури асосида Ўзбекистонда "Реал Мадрид" клубининг футбол мактабини очиш, "Реал Мадрид"да фаолият юритаётган мураббийларни Ўзбекистонга олиб келиш, улар иштирокида футбол мактабларимизда машғулотлар ўтказиш, футболчилар билан ишлаш жараёнлари ҳақида ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш бўйича келишув имзоланган эди. 

ЎФА расмий сайти тарқатган хабарга кўра ушбу келишувга асосан жорий йилнинг июнь ойида юртимизга “Қироллик клуби” скаутлари ва мураббийлари ташриф буюришади. 

Ташриф доирасида юртимизда фаолият юритаётган болалар футболи мураббийлари учун семинарлар, амалий машғулотлар ва бошқа турли тадбирлар ўткаилиши режалаштирилган. 

Бундан ташқари,  “Бунёдкор” стадионида 2006 йилда таваллуд топган футболчилар ўртасида “Реал Мадрид Кубоги” мусобақаси ўтказилади.  Ушбу мусобақани “Қироллик клуби” скаутлари ва мураббийлари бевосита стадиондан кузатиб боришади. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!