“Реал” Мбаппе трансферига муносабат билдирди

“Реал” раҳбарияти ПСЖ ҳужумчиси Килиан Мбаппе трансфери бўйича якуний қарорга келди. Бу ҳақда Испаниянинг Marca нашри хабар бермоқда.

Манбанинг таъкидлашича, “Қироллик клуби” ёзги трансферлар вақтида ПСЖ билан 24 ёшли ҳужумчи трансфери бўйича музокара қилмайдиган бўлди. Бунга икки омил сабаб бўлгани айтилмоқда.

Мбаппенинг маоши катталиги бу трансферга биринчи тўсиқ ҳисобланади. “Реал” молиявий фэйр-плей қоидаларини бузиб қўйиши мумкин.

Бундан ташқари, мадридликлар ПСЖга трансфер учун катта миқдордаги бадал пулини тўлашни истамаяпти. Бу сумма 150 миллиондан 240 миллион еврогача бўлиши кутиляпти.

“Реал” ўз қарорини 2024 йилда ўзгартириши мумкин. Бунинг учун Килиан шартномаси якунланишига бир йил қолганида Париждан кетиш масаласини ҳал қилиши керак.

Қолаверса, “Реал” раҳбарияти айни пайтда Винисиус Жуниорни Килиан Мбаппедан устун, деб ҳисобламоқда ва бор эътиборини бразилиялик футболчига қаратмоқчи.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!