"Реал" ўз юлдузини "Тоттенхэм" сотиб олишидан умидвор

Бир неча кун аввал ОАВда Гарет Бэйл мавсум сўнгида "Реал"га қайтмоқчилиги ҳақида хабарлар тарқалганди. "El Confidencial" нашрининг маълум қилишича, мадридликлар футболчини ўз сафида кўрмоқчи эмас.

Шу сабабли, улар "Тоттенхэм" уэльслик футболчини сотиб олишини истамоқда. Акс ҳолда, "қироллик клуби" 31 ёшли футболчига 15 млн евро миқдорида маош тўлашига тўғри келади. 2018 йили тузилган шартномага кўра, томонлар сўнгги йил учун шунча маблуғ тўланишини келишиб олган.

Хабар берилишича, "қаймоқранглилар" бош мураббийи Зинедин Зидан Гаретнинг қайтишига қаршилик қилмоқда. Франциялик мутахассис собиқ шогирдини келаси мавсум режаларига киритмаяпти. Боз устига, икки жамоа президентлари Флорентино Перес ҳамда Дэниэль Леви ўртасидаги ижобий муносабат туфайли Бэйл Лондонда қолиши мумкин.

31 ёшли вингер жорий мавсум "шпорлар" либосида 25 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 10 та гол ва 3 ассистни ёздириб қўйишга муваффақ бўлган. Унинг ижара шартномаси шу йил ёзида ўз якунига етади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!