"Реал" ва Испания термасининг яқин ўтмишдаги юлдузи келаси ой Тошкентга келиши кутилмоқда. Ташрифдан мақсад нима?
Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида шу ва бошқа масалалар муҳокамаси бўйича расмий учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.
Айни пайтда Испаниянинг “Расинг Мурсия” клуби президенти, “Genova International school of football” академияси раҳбари Моррис Паньелло Тошкентда бўлиб турибди. Бугун МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ушбу мутахассисни қабул қилди.
Таъкидлаш жоиз, таниқли футболчининг ташрифи “Оқтепа” футбол клуби ва “UzReportTV” телеканаллари билан ҳамкорликда ташкил қилинмоқда. Суҳбатда 13-16 февраль кунлари Фернандо Морьентаснинг Тошкентга келиши, ташриф доирасида футбол ишқибозлари ва ОАВ ходимлари учун матбуот анжумани ташкил қилиш, Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёрланаётган “Олимпик” жамоасини шакллантиришда ҳамкорликда фаолият олиб бориш каби масалалар муҳокама қилинди.
Учрашувда Мориис Паньелло “Олимпик” жамоасини Испанияда ўтадиган йиғинга таклиф қилиб, унда “Леганес”, “Райо Вальекано”, “Хетафе” каби клубларнинг ёшлар жамоаси билан ўртоқлик учрашувларини ташкил қилишда ёрдам беришга тайёрлигини, унда ўзини кўрсатган ўзбекистонлик футболчилар эса испан жамоаларида таркибида маълум муддат малака ошириб келиши мумкинлигини таъкидлади.
Ўз навбатида Ойбек Касимов ўзаро ҳамкорликдан мамнун эканлиги ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бундай ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди.
Фикрлар