"Реал"нинг хавотирли ғалабаси, клуб мавсум дебютантидан бир соат давомида ортда борди

"Реал" Ла Лиганинг 1-турида "Альмерия"га сафар қилиб, 2:1 ҳисобида қийинчилик билан ғалаба қозонди.

6-даиқадаёқ мезбонлар ҳужумчиси Ларги Рамазани тўпни жарима майдони ичида қабул қилиб, дарвозанинг чап бурчагини аниқ нишонга олди. Мадридликлардан Бенземанинг пасидан сўнг Лукас Васкес ва жарима зарбасидан Алаба гол уришга муваффақ бўлди.

"У шу мақсадда майдонга тушганга ўхшайди. Давид "Реал"нинг ёш футболчилари учун етакчига айланди", - дея Феде австриялик жамоадошини эътироф этди.

"Қироллик клуби" илк 45 дақиқаликда шунчалик кўп ҳужум қилди-ки, бир таймда бурчак тўпини амалга ошириш борасида клуб рекордини ўрнатди – 12 та. Бунгача энг яхши натижа 11 йил аввал "Леванте"га қарши баҳсда 11 та бўлган.

Мадридликлар дарвозага рақибдан деярли уч баравар кўпроқ зарба берди (29-10). Биринчи бўлимда бу кўрсаткич янада қўрқинчилироқ эди (17-2). "Альмерия" асосан зарбаларини иккинчи гол ўтказиб юборилганидан кейин йўллади (8-10).

"Реал" ғалаба қозонди, бироқ етакчиликни қўлга олмади: тўплар нисбатига кўра, "Вильярреал" ("Вальядолид" устидан 3:0 ҳисобидаги ғалаба эвазига) пешқадамлик қилмоқда.

• Рамазанининг голи "Реал" учун сўнгги 15 йилликдаги биринчи турда ўтказиб юборилган энг тезкор гол бўлди. Бунгача 2007 йилда Серхио Агуэро 59-сонияда Икер Касильяс дарвозасини ишғол қилганди.

• Лука Модрич "қаймоқранглилар" сафидаги ўйинлари сони бўйича Криштиану Роналдуга етиб олди. Энди икки афсона ҳисобида 438 та ўйин мавжуд.

• "Реал" қаторасига 14-мавсумдан буён Ла Лиганинг дастлабки турида ютқазмаяпти. Рекорд ҳам айнан мадридликларга тегишли – 1961-76 йиллар оралиғида кетма-кет 16 мавсум.

• Лукас Васкес гол урган ўйинларда "Реал" ютқазмайди. Ҳозиргача бундай учрашувлар сони 29 та (25 та ғалаба, 4 та дуранг).

• Алабанинг тўпга биринчи тегиниши гол билан якунланди. Давид кетма-кет иккита баҳсда ғалаба голини урди. Аввалроқ, унинг голи "Реал"га Суперкубокни ютишга ёрдам берганди.

Карло Анчелотти шогирдлари навбатдаги икки турни сафарда "Сельта" ва "Эспаньол"га қарши ўтказади. Клуб 4-турга келиб, "Бетис"га қарши баҳсда ўз уйида ҳаракат қилади.
Дастлабки 3 тур меҳмонда ўтказилишининг сабаби айни дамда "Сантьяго Бернабеу"да тамирлаш ишлари кетмоқда. Режага кўра, сентябрь ойи бошларида барча ички ишлар якунланади ва декабрь ойигача стадионнинг ташқи ишлари билан шуғилланилади.

Учрашувдан сўнг мадридликлар бош мураббийи Карло Анчелотти ўз фикрларини билдириб ўтди. 

 "Биз ўйинни ёмон бошладик. Ҳужумда янгилик қилишимиз керак эди. Рақиб ҳимояда жуда ёпиқ ўйнади.  Иккинчи бўлимда мезбонлар чарчаб қолди. Биз ўйинни назорат қилдик ва кўп имкониятларга эга бўлдик. 

Жарима зарбасини Бензема ёки Кроос амалга ошириши керак эди. Бироқ Алаба зарба беришни истаётганини айтди ва ажойиб гол урди. 

ancelotti

Рюдигер яхши ўйнади, унинг тажрибаси бизга кўп ёрдам бериши аниқ. Шунингдек, ёшларнинг ўйинига ҳам эътибор қаратдим. Уларга бундай ҳиссиётли баҳсда иштирок этиш босим ўтказди. Аммо бу нормал ҳолат", - деди италиялик мутахассис.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!