Рио Олимпиадаси совриндори чемпионлик жангида рингга кўтарилади
Россиялик Михаил Алоян ва Альберт Батиргазиев яқин кунларда чемпионлик жангида рингга кўтарилади. Иккинчи ўта енгил вазн тоифасида ўз жангларини ўтказадиган Михаил Алоян ва биринчи енгил вазнда WBA Asia титули соҳиби, жорий йилнинг июнь ойида профессионал рингда ўзининг дебют жанггини ўтказган Альберт Батиргазиевларнинг яқин келажакдаги режалари ҳақида “Патриот” промоутерлик компанияси раҳбари ҳамда мураббий Эдуард Кравцов ўз фикрларини билдирди.
Кравцовнинг сўзларига кўра, уч карра Россия чемпиони Батиргазиев ҳаваскор ва профессионал рингдаги фаолиятини бир вақтнинг ўзида олиб боради. У 15 август куни Сочи шаҳрида профессионал рингдаги иккинчи жанггини ўтказади, кейин эса ҳаваскор боксчилар ўртасида Россия чемпионатида иштирок этади.
"Олимпия ўйинлари 2021 йилга қолдирилиши туфайли, Батиргазиев профессионал йўналишда яна бир жанг ўтказишга қарор қилди. Бироқ, Альберт олимпия терма жамоасида ўз ўрнини сақлаб қолади ва сентябрь ойида Россия чемпионатида иштирок этади. Иш жадвалимиз жуда тиғиз... Лекин, биз боксчининг соғлигига зарар етказиб қўймаслик учун ҳаваскор боксдаги иштирокларимизни камайтирамиз. Ҳаваскорлар ўртасида фақат ўта зарур турнирлардагина рингга кўтариламиз. Бир йилдан сўнг, уни ўз вазн тоифасида биринчи бешликда, икки йилдан кейин эса, жаҳон чемпиони сифатида кўришни хоҳлайман. Ўйлайманки, у бунинг учун керакли барча сифатларга эга. Унинг вазн тоифасида жуда ажойиб боксчилар бор, шунга қарамасдан енгиб бўлмас рақибларни кўрмаяпман.
Айни дамда Михаилда ҳам иштиёқ юқори. Унинг олдига қўйган мақсади - жаҳон чемпиони бўлиш. Ўша ниятига эришса, яна максимум иккита ҳимоя жангини ўтказади. Барчаси олдига қўйилган мақсад ва истакка боғлиқ. Ҳозир у жанг қилиш истагида ёнмоқда, кўзлари чақнаб турибди. Машғулотларга жиддий киришган. 15 октябрь санасида Кемерово шаҳрида WBAнинг муваққат чемпионлик камари учун колумбиялик Пабло Каррийога қарши жанг олиб бориши режалаштирилган.
Алоян Олимпиадада иштирок этиш учун саралаш жангларида иштирок этадими?... Йўқ, бу нотўғри қарор, деб ўйлайман. Ҳа, хоҳиш бор, лекин тўғри фикрлаш керак. Терма жамоа таркибига кириш учун сентябрь ойида бўлиб ўтадиган мамлакат чемпионатида иштирок этиши лозим. Бу ёқда октябрь ойида жуда зарур титул жанги уни кутиб турибди. Михаилнинг мамлакат чемпионатида иштирок эта олиш имкониятини кўрмаяпман”,- деб айтди Кравцов “Sportbox” га берган интервьюсида.
Маълумот учун, Михаил Алоян 2013 йил Алмати шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати финалида ҳамюртимиз Жасурбек Латиповдан устун келган бўлса, 2016 йил Рио Олимпиадаси финалида Шаҳобиддин Зоировдан мағлубиятга учраган эди. Кйеинчалик допинг туфайли, ундан Рио Олимпиадасининг кумуш медали олиб қўйилганди.
Фикрлар