Ривожланишда давом этаётган Малайзия футболи ва Шоаҳмедов тўп сураётган лига

Малайзия сўнгги йилларда Осиёда футболи ривожланаётган давлатлар сирасига киради. Айтиш лозимки, ушбу мамлакатда клубларнинг молиявий имкониятлари жуда яхши. Шу боис чемпионат савиясини ошириш мақсадида легионерлар таклиф этилмоқда. Қуйида Малайзия футболи ва у ерда тўп сураётган легионерларимиз борасида сўз юритамиз.

Кимлар бор?

Санжар Шоаҳмедов ("Теренггану"), Никита Павленко ("Селангор Юнайтед")

сан. шоаҳмедов

никита павленко

Ўтган йилларга нисбатан Малайзияда ҳамюртларимиз сони бироз қисқарди. Бу йил икки нафар ўзбекистонлик футболчи фаолиятини ушбу мамлакатда давом эттирмоқда. "Олмалиқ" ва "Локомотив" жамоаларидаги ёрқин ўйинлари билан мухлислар мехрини қозона олган Санжар Шоаҳмедов йил бошида "темирйўлчилар"ни тарк этди ва Малайзияга йўл олди. Санжарнинг "Теренггану" билан шартнома имзолашида "Пахтакор"да ажойиб ўйинлар намойиш қила олган Боян Миладиновични ўрни катта бўлди. Миладинович охирги вақтларда футбол агенти сифатида фаолиятини бошлаган ва Шоаҳмедовни Малайзияга йўл олишига асосий сабабчи бўла олди. Шуни қўшимча қилиш керакки, Санжарнинг айни вақтдаги жамоасида илгари Лутфулла Тўраев ҳам фаолият олиб борган.

"Машъал"да тўп сурган Никита Павленко ҳам Малайзия Премьер-лигаси (нуфузи бўйича Про-лигага тенг) янги аъзоси "Селангор Юнайтед" билан шартнома имзолади. Бугунги кунда ҳар икки футболчи ҳам Малайзияда ёрқин футбол намойиш этиш учун ҳаракат қилмоқда.

никита

Чемпионат ва унинг формати борасида

Малайзиянинг Суперлигаси ва Премьер-лигасида 12тадан жамоа иштирок этади. Бу йил ҳам Премьер-лигада "Перлис" клуби ортда қолган уч турдан кейин мусобақани тарк этишга мажбур бўлди. Чунки клуб футболчиларнинг маошларини бера олмаганлиги туфайли, Малайзия Футбол Федерацияси томонидан мусобақадан четлатилди. Маълумот учун, ўтган мавсумда ҳам Премьер-лигада "Куантан" клуби молиявий муаммолар сабабли, мусобақадан чиқариб юборилганди.

Малайзия Суперлигасида сўнгги йилларда "Жохор" клуби етакчиликни ҳеч кимга бермай келмоқда. Мамлакат шаҳзодасига қарашли бўлган ушбу жамоа ҳар йили чемпионлик пойгасида ғолиб чиқмоқда. Бу йил эса "Паханг", "Теренггану" клублари "Жохор"дан чемпионликни тортиб олиш учун курашмоқда.
Эътиборлиси, ҳар икки лигада ҳам тенг равишда икки клуб пастки лигага равона бўлади.Суперлига ғолиби эса Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига йўлланма олса, кейинги ўрин соҳиби ОФК Кубогида ўз юришини давом эттиради.

Легионерлар ва уларга қўйилган талаб хусусида

Жорий йилдан бошлаб Малайзия Футбол Федеарацияси клубларга бир қанча қулайликларни яратиб берди. Охирги йилларда Малайзияга келадиган легионерлар охирги вақтларда фақат топ лига клубларида ўйнаган бўлиши, ўз мамлакатида асосий ёки кичик тоифадаги терма жамоаларда ўйнаган камида бир нечта учрашувларда қатнашган бўлиши лозим эди. Мавсум старти арафасида эса бу чеклов олиб ташланди. Энди клублар ўз имкониятларидан келиб чиқиб, легионерлар таклиф қилишга одатланди. Малайзияда 3+1+1 шаклидаги лимит амал қилади. Яъни, клублар 3та хорижлик легионер ва 1та осиёлик футболчини олишдан ташқари, яна бир квотага эса Шарқий осиёлик бўлган чарм тўп устасини жалб қилиши мумкин. Бу квотага Индонезия, Сингапур, Филиппин, Шарқий Тимор, Бруней, Лаос, Таиланд, Камбоджа мамлакатлардан футболчи таклиф эта олади.

Премьер-лигада эса 3+1 лимити амалда қўлланилмоқда. Агар клублар истаса, осиёлик ва Шарқий осиё минтақасида жойлашган мамлакатлардан ҳам футболчи таклиф этиш имкониятига эга.

Клублар ҳар йили молиявий кўмак олишади

Олган маълумотларимизга кўра, Малайзия Футбол Федерацияси Суперлига ва Премьер-лига клублари учун қўшимча ёрдам сифатида грант беради. Бу эса клубларнинг молиявий имкониятларини яхшилаб олишлари учун кўмак бўлади. Суперлига клублари 250-300 минг доллар миқдорида грант олиш имкониятига эга. Премьер-лига клубларида эса бу кўрсаткич 150-200 минг долларни ташкил қилади.

Стадионлар ва мухлислар ташрифи

мухлислар

Малайзияда стадионларнинг ҳолатига жиддий эътибор қаратилади. Бу ерда иккала чемпионат ҳам бир вақтда , яъни феврларда старт олади ва июлнинг охирги кунларига қадар давом этади. Шу боисдан клублар мамлакатдаги иқлимдан келиб чиқиб, ўйингоҳларни мавсумга тайёрлайди. Қолаверса, стадионлар сиғими ҳам анча юқори. Айрим жамоалар иштирокидаги баҳсларни 20-30 минг мухлис томоша қилишади. Ўртача 10 минг атрофидаги ишқибозлар бевосита учрашувларни кузатиш учун стадионларга ташриф буюришади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!