"Roland Garros". Азаренко сенсацион тарзда мағлуб бўлди, Уильямсга техник мағлубият ёзилди
"Roland Garros" турнирининг аёллар ўртасидаги беллашувларида ҳам кучлилар номи тобора аниқлашиб бормоқда. Асосий баҳсларнинг навбатдаги кунида кутилган натижалар қатори баъзи сенсациялар ҳам бўй кўрсатди.
Дастлаб, ўз ўйинини ўтказган 1-рақамли ракетка соҳибаси Симона Халеп ҳамюрти Ирина-Камелия Бегуга қарши баҳс олиб борди. Рақибасидан ҳар тарафлама устунлик намойиш этган Симона беллашувни 6:3, 6:4 ҳисобларида ўз фойдасига ҳал қилди. Айтиш мумкинки, Халеп навбатдаги титул сари дадил одимламоқда.
Яна бир сараланган ракетка устаси Кике Бертенс ўзидан-да тажрибали рақибаси италиялик Сара Эрранини мағлуб этишни уддалади. Ҳар икки теннисчи учун оғир ўтган баҳс тақдири 3-сет тай-брэкда ҳал бўлди ва унда Бертенс кейинги босқич чипталарини илиб кетди. Якуний ҳисоб: 7:6, 3:6, 9:7.
Бу галги "Катта дубулға" турнирининг 3-рақамли ракетка устаси, Украина шарафини ҳимоя қилувчи Элина Свитолина ҳам 3-босқичга ўтиш учун бироз тер тўкишига тўғри келди. Мексикалик рақибаси Рената Сарасуа билан кечган қизғин баҳсда ғалабани ўз номига ёздириб қўйган Элина 6:3, 0:6, 6:2 ҳисобларини қайд этди.
Юқоридаги теннис маликаларидан фарқли ўлароқ, беларуслик Виктория Азаренко словакиялик Анна Шмидлова қаршилигини синдира олмади. Бутун учрашув давомида ўзига ўхшамаган Азаренко якунда иккала сетни ҳам бир хил 6:2 ҳисобида бой бериб, ракеткаларини ғилофига жойлашга мажбур бўлди. Айнан унинг турнирни тарк этиши кун сенсациясига айланди.
Шунингдек, бугун теннисга бефарқ бўлмаган барча учун бироз нохуш хабар тарқалди: дунёнинг собиқ биринчи рақамли теннисчиси, "Roland Garros-2020"да 6-тартиб рақами остида сараланган Серена Уильямс оёғидан олган жароҳати туфайли мусобақани давом эттира олмаслигини маълум қилди. Натижада, 2-босқичдаги болгариялик Цветана Пиронковага қарши баҳс учун океан орти вакиласига техник мағлубият ёзилди.
Фикрлар