"Рома" бош мураббийи Элдор Шомуродов ҳақида фикр билдирди
"Рома" клуби бош мураббийи Жан Пьер Гасперини А Сериянинг 18-туридан ўрин олган «Женоа»га қарши учрашув олдидан ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этди. Мутахассис журналистлар билан суҳбат чоғида жамоанинг собиқ футболчиси Элдор Шомуродовни ҳам тилга олди.
"Мен футболчи асосий таркибда ўйнайдими ёки ўйин давомида майдонга тушадими — бу ҳақда ўйламайман. Соуле бу жамоа учун муҳим таянч нуқтага айланди. Пеллегрини ҳам кўп ўйнади, қолган дақиқалар эса Дибала, Довбик, Фергюсон ва Балданци ўртасида деярли тенг тақсимланди. Балки Довбик бироз камроқ ўйнаган, чунки у жароҳат олган. Қўлимизда шу футболчилар бор ва дақиқаларни улар ўртасида тақсимлаймиз. Учрашувнинг дастлабки 50 дақиқасида ўйнаш қолган 40 дақиқада ҳаракат қилишдан яхшироқ дегани эмас. Лекин ростини айтсам, биз керакли даражада гол ура олмаяпмиз.
Бу муаммо фақат битта ўйинга хос эмас, балки тайёргарликни бошлаганимиздан бери мавжуд. Ўтган мавсумга нисбатан биз Элдор Шомуродов ва Алексис Салемакерсни йўқотдик, эвазига Бейли ҳамда Фергюсонни таркибга қўшиб олдик. Бейли жароҳатлар билан қийналди, Фергюсон эса ўз ҳиссасини қўшмоқда. Айтишни истардимки, барча “Рома”ни турнир жадвалида юқори ўринларга олиб чиқиш ва шу ерда ушлаб туриш учун ажойиб иш қилди. Биз буни давом эттириш ниятидамиз. Қандай бўлишини вақт кўрсатади. Мен ҳеч қачон қишки трансферлар ойнасига ишонмаганман, буни доим айтганман. Янги футболчиларни олсак ҳам, уларга мослашиш учун вақт керак бўлади. Шунинг учун мен ҳозирги таркибдаги футболчиларга ишонаман", — деди мутахассис.
Маълумот учун, Элдор Шомуродов ўтган ёзги трансферлар бозорида римликлар сафини тарк этиб, Туркиянинг "Истанбул Башакшехир" клубига кўчиб ўтган эди.



Фикрлар