“Рома” футболчилари Даниэле Де Росси бўшатилишидан норози. Шомуродов ким томонда?

Италиядаги футбол мавсумининг аввалида пойтахтнинг гранд клуби “Рома” жаҳон футбол жамоатчилигининг эътиборини ўйинлари билан эмас, балки ички зиддиятлар туфайли ўзига қаратмоқда.

Клубнинг америкалик хўжайинлари Дэн ва  Райан Фридкинларнинг клуб афсонаси Даниэле Де Россини бош мураббийликдан бўшатгани нафақат клуб мухлислари, ҳатто айрим футболчиларнинг ҳам кескин эътирозига сабаб бўлмоқда.

Маълумотларга қараганда, янги бош мураббий Иван Юрич жамоани 22 сентябрь куни “Олимпико”да “Удинезе”га қарши бўладиган ўйинга тайёрлаётган бир пайтда ашаддий мухлислар хорватиялик мутахассис дебютини бойкот қилишга ҳозирлик кўрмоқда.

Football Italia нашрининг хабар беришича, “Рома” фанатлари ўйинолди чигалёзди машғулоти, клуб мадҳияси янграган пайт ва учрашувнинг дастлабки ярим соатида ўзларига ажратилган трибуналарни бўш қолдириш орқали норозилигини билдирмоқчи. Бойкотга тайёргарлик ишлари авжида.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Рим жамоасининг айрим ўйинчилари ҳам клуб раҳбариятининг қароридан жумбушга келган ва Даниэле Де Россининг тарафини олмоқда.

Corriere dello Sport нашрининг маълум қилишича, Лоренцо Пеллегрини ва Жанлука Манчини жамоа етакчилари сифатида раҳбарият билан учрашиб, бош мураббийнинг ишдан олиниши сабабларини сўраган.

Бу икки ўйинчи мутасаддиларнинг Даниэле Де Россини истеъфога чиқаришдан олдин улар билан эмас, балки баъзи ўйинчиларга қўнғироқ қилиб, улардан фикр сўраган ҳолат бўйича ҳам жиддий эътироз билдирди.

Маълум бўлишича, раҳбариятдан телефон бўлган Пауло Дибала ва Леандро Паредес ҳам Де Россининг истеъфосига қаршилигини маълум қилган экан.

Истеъфо эълон қилинганидан кейин Пауло Дибала бу масалага муносабат билдириб, "Футбол кўпинча адолатсиздир", деб изоҳ қолдиргани ҳам унинг муносабатидан далолат бермоқда. 

Италия матбуотида Даниэле Де Россининг бош мураббийликдан бўшатилишига жамоанинг мавсум бошида салбий натижа қайд этгани (тўртта ўйинда уч очко) ва 41 ёшли римлик мутахассиснинг клуб раҳбарияти, хусусан, бош директор Лина Сулуку билан зиддиятга боргани сабаб қилиб кўрсатилган маълумотлар чиққан эди.

Хўш, бош мураббий алмашинуви Элдор Шомуродов фаолиятига қандай таъсир қилади?

Таъкидлаш жоизки, 29 ёшли легионеримиз чемпионат бошида Даниэле Де Россининг ўзи ҳақидаги фикрини ижобий томонга ўзгартира олган эди. Шомуродовнинг машғулотлардаги фаоллиги ва “Эмполи” дарвозасини ишғол қилгани италиялик мураббийнинг ўзбек футболчиси ҳақидаги тасаввурини ўзгартириб, ишончини уйғотди.

Натижада Даниэле Де Росси Элдорни “Рома”да олиб қолишга қарор қилди ва деярли ҳар бир учрашувда захирадан бўлса-да ўйинга тушира бошлади. Айнан бош мураббий қарорига кўра, трансферлар бозорининг сўнгги кунлари Шомуродовга оғиз солган жамоаларнинг барига рад жавоби берилди.

Янги бош мураббий – Иван Юрич ҳам ҳамюртимизнинг имкониятларини яхши билади. Хорватиялик мутахассис “Торино”ни бошқарган даврда бир неча маротаба Элдор Шомуродовни Турин клубига олиб ўтишга уриниб кўрган эди.

Иван Юрич Элдор Шомуродовни ўзи қўллайдиган ўйин услубига мос ҳужумчи сифатида эътироф этгани Италия матбуотида ёритилган.

Энди буёғига муносабатлар қандай бўлишини, Элдор Шомуродовга янги бош мураббий Иван Юрич қанчалар ишонч билдиришини вақт кўрсатади.

 Шомуродовнинг голи уни қутқара олмади! Даниэле Де Росси ишдан ҳайдалишига жиддий сабаблар бор экан

Ҳусанов қаерда ўйнайди?

Файзуллаев мухлисларига яхши хабар!
Файзуллаев: Менга шуниси муҳим, "Зенит" эмас!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!