Роналду 2 миллирд доллар ишлаган илк спортчига айланди
Футбол тарихида энг кўп гол урган, беш карра "Олтин тўп" соҳиби бўлган португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналду фаол спортчилар орасида биринчи бўлиб умумий даромади 2 миллиард долларга етган спортчига айланди. Бу ҳақда Forbes нашри хабар берди.
Нашр ҳисоб-китобларига кўра, 2026/27 йилги мавсумда Роналду Саудия Арабистонининг "Ал-Наср" жамоасидаги ўйинлари учун 250 миллион доллар маош олади. Реклама шартномалари ва бошқа тижорат лойиҳалари эса унга яна 50 миллион доллар атрофида даромад келтириши кутилмоқда.
Манбага кўра, келаси йилга бориб, умумий даромади 2 миллиард доллардан ошиб кетадиган навбатдаги футболчи сифатида АҚШнинг "Интер Майами" клуби ҳужумчиси, аргентиналик Лионель Месси тилга олинмоқда.
Ҳозирда Роналду 41 ёшда. У беш марта Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан, Европа чемпиони бўлган, икки бор Миллатлар лигасида зафар қучган. Миллий терма жамоалар, Европа чемпионатлари, Чемпионлар лигаси ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари тарихида энг кўп гол урган футболчи сифатида бир қатор рекордлар унга тегишли.
Роналду 2022 йил декабридан буён "Ал-Наср" шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Ундан олдин карьераси давомида португалиялик "Спортинг", инглизларнинг "Манчестер Юнайтед", испаниялик "Реал" ва италиялик "Ювентус" таркибида ўйнаган.

Фикрлар