Роналду “Манчестер Юнайтед”га мурожаат қилди

“Ан-Наср” ва Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду собиқ клуби “Манчестер Юнайтед” бош мураббийликка португалиялик мутахассис Рубен Аморимни тайинлаганидан кейин бунга ўз маносабатини билдирди.

- “Манчестер Юнайтед” ва Рубен Аморимга дунёдаги энг яхши тилакларимни йўллайман, - деб ёзди Криштиану Роналду ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига.

Маълумки, “Манчестер Юнайтед” раҳбарияти жамоанинг натижаларидан қониқиш қилмаган ҳолда аввалги бош мураббий Эрик тен Хагни истеъфога чиқарган эди.

Нидерландиялик мутахассис жамоани қабул қилиб олганида Криштиану Роналду “Манчестер Юнайтед”нинг энг яхши тўпурари бўлиб турганди. Бироқ тажрибали футболчи ва нидерландиялик мураббий ўртасида турли зиддиятлар пайдо бўлди.

Бунинг оқибатида Криштиану Роналду матбуот орқали клуб раҳбариятининг иши ва Эрик тен Хагни очиқчасига танқид қилди. Интервьюдан кейин португалиялик юлдуз клубни тарк этишига тўғри келди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!