Роналду трансферига боғлиқ бўлган Погба ва Икарди

«Ювентус» клуби юлдузи Криштиану Роналду ёзги трансферлар даврасида жамоани тарк этиши мумкин. Бу ҳақда La Gazzetta dello Sport нашри хабар берди.

Манбанинг маълум қилишича, португалиялик футболчи ПСЖ ёки “Манчестер Юнайтед” билан шартнома имзолаши мумкин. Агарда 36 ёшлик Роналду Парижга ўтадиган бўлса, у Килиан Мбаппенинг ўрнини тўлдиради ва бу трансферга Мауро Икарди қўшиб берилади. Аммо жамоалар ҳозирча, музокаралар ўтказмаяпти.

Қолаверса, Роналдуга МЮ ҳам даъвогар. Манчестерликлар ўзининг собиқ футболчисини қайтариш учун “Юве”га Погбани бериши мумкин. Криштиану “Манчестер Юнайтед”га қайтиши учун маоши камайишига рози бўлиши муҳим ҳисобланади.

Италия ОАВда ёзилишича, Роналду Туринда ўзини бахтли ҳис этмаяпти. Аллегрининг келиши эса кўплаб футболчиларнинг фаолиятига таъсир қилиши мумкин.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)