Роналдунинг опаси унинг Португалия терма жамоасидан кетганига муносабат билдирди
Криштиану Роналдунинг опаси Элма Авейру унинг Португалия терма жамоасидаги фаолиятини якунлаш ҳақидаги қарорига муносабат билдирди
Элма Instagram саҳифасида Роналду мухлисларидан бири ёзган хабарни сторизга жойлаштирди. Ушбу хабарда қуйидаги фикрлар келтирилган эди:
«Криштиану кўпроқ ҳурматга лойиқ эди. Терма жамоа аниқроқ тузилмага сазовор эди. Португалия журналистикаси кўпроқ малака ва камроқ миш-мишларга лойиқ эди. Португалия халқига келсак... улар ҳеч нарсада энг яхшисига лойиқ эмас. Биз ҳасадгўймиз, ҳурматсиз ва савиясизмиз, шунинг учун Криштиану пайдо бўлишидан олдинги, футболимизда доим бўлган ўртаҳолликка қайтишга арзиймиз. Ҳамма нарса учун раҳмат, CR7. Сен бундан ҳам кўпроғига лойиқ эдинг!»
«Ҳаммаси шу сўзларда айтилган», — деб ёзди Элма Авейру ушбу иқтибос остидан.
Аввалроқ маълум бўлишича, Криштиану Роналду Португалия терма жамоаси қароргоҳини тарк этган. Бу қарорга жамоа бош мураббийи Жорже Жезушнинг Лига миллатлари доирасида Данияга қарши бўладиган навбатдаги ўйинда уни майдонга туширмасликка қарор қилиши сабаб бўлгани айтилмоқда. Норвегияга қарши ўтган сўнгги учрашувда ҳам 41 ёшли ҳужумчи майдонга тушмаган эди.
Португалиянинг O Jogo нашри ёзишича, айнан шу можаро ортидан Роналду миллий терма жамоа сафидаги фаолиятини якунлаш қарорини қабул қилган.

Фикрлар