Россиядаги легионеримизнинг голи жамоасига муҳим ғалаба келтирди
Россия чемпионатининг биринчи лигасида “Нефтехимик” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келаётган ҳамюртимиз Вагиз Галиулин янги мавсумдаги голлари ҳисобини очди.
Нижнекамск жамоаси ўз майдонида “Шинник” футболчиларини қабул қилди. Ўйин кескин-муросасиз курашлар остида ўтди. Учрашув тақдирини ягона гол ҳал қилди.
“Нефтехимик” сардори Вагиз Галиулин 78-дақиқада кучли зарба билан тўпни меҳмонлар дарвозасига жойлади.
Муҳим ғалабадан кейин очколари сонини 14 тага етказган “Нефтехимик” мусобақа жадвалида тўртинчи поғонага кўтарилди. Галиулиннинг голи жамоасига премьер-лига йўлланмаси учун курашиш имкониятини тақдим этди.
Вагиз 2020 йилдан бери “Нефтехимик” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Фаолияти давомида Ўзбекистон ва Россия жамоаларида тўп тепган ҳамюртимиз клублар миқёсида жами 279 та учрашувда қатнашиб, 24 та гол ва 37 та ассист муаллифи бўлган.
Галиулин Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ўн тўрт маротаба майдонга тушган.
Фикрлар