Россиялик футболчи “Сурхон”ни танлади
Россиялик футболчи Кирилл Колесниченко фаолиятини Ўзбекистоннинг “Сурхон” клубида давом эттиришга қарор қилди.
24 ёшли ҳужумкор футболчи Сурхондарё жамоаси сафига Туркиядаги йиғин давомида қўшилган ва мураббийлар штаби кўригидан ўтмоқда.
Асосан чап қанотда ўйнайдиган Кирилл “Чертанова” академияси тарбияланувчиси ҳисобланади.
2020 йили Колесниченкони Қозоғистоннинг “Қайрат” клуби 250 минг евро эвазига трансфер қилган эди. Бироқ ўшанда ёш футболчи қўшни мамлакат чемпионатида бирорта учрашувда иштирок этмаган. Бир йил давомида Россиянинг бир неча клубларига ижарага юборилган Кирилл Колесниченкони қозоғистонликлар зиёнига бўлса ҳам “Урал”га сотиб юборган.
Кирил фаолияти давомида Россиянинг “Урал”, “СКА-Хабаровск”, “Ротор”, “Родина” ва “Амкар” жамоаларида ўйнаган.
Бугунги кунда бу футболчи эркин агент мақомида юрибди ва агар “Сурхон” кўригидан ўтса, янги мавсумни Ўзбекистон чемпионатида бошлаши мумкин.
Фикрлар