Россиялик "Самурай" ўзбекистонлик рақиби, тайёргарлик жараёнлари ва имкониятлари ҳақида...

Кеча, ҳамюртимиз Қудратилло Абдуқаҳҳоровнинг навбатдаги рақиби россиялик Сергей Липинец билан Қозоғистоннинг Sports.kz сайти батафсил интервью уюштирганлиги ҳақида хабар бериш баробарида, юртдошимиз ҳақидаги саволларга Липинецнинг жавобларини эътиборингизга ҳавола этган эдик. Бугун ушбу интервьюни тўлиқ вариантини тақдим этамиз.

 - Сергей, агар сир бўлмаса, карантин даврини қандай ўтказмоқдасиз?

 - Қўшма штатлардан Россияга, Озерига бир ой олдин учиб келганман ва икки ҳафта ҳамма нарсадан изоляция қилиб қўйилдим. Хатто, оиламдагиларни ҳам кўрмасдан уйда ўтирдим.

 Талаб қилинган даврни ўтаганимдан сўнг, барча тест натижалари кўнгилдагидек чиқди. Эндиликда ўз-ўзини изоляция қилиш даврида фарзандларим тарбияси билан машғулман, оилам билан биргаман. Уларни анчадан бери кўрмагандим. Рафиқам ёлғиз ўзи икки фарзандимиз билан икки ой қолиб кетганди. Унинг ҳолатини тасаввур қила олмайман. Агар мен фарзандларимиз билан ёлғиз қолиб кетсам, бир соатлардан сўнг рафиқамга қўнғироқ қилиб, дарров уйга қайтишини илтимос қиламан. Кичик фарзандимиз Лев 8 ойлик, каттамиз 3 ёш-у 8 ойлик. Ҳар икки фарзандимиз ҳам бир кунда туғилган.

 -  Спорт формангизни ушлаб туришингизда қийинчиликлар бўлмадими?

 - Бизда унақа кучли карантин йўқ. Менинг уйимдан ўрмонгача беш дақиқалик йўл, югуриш учун ўша ерга бораман. Ҳар-хил машқлар бажараман, гантеллар билан ишлайман. Афсуски бокс қоплари йўқ. Биз квартирада яшаймиз. Ҳовли сотиб олишга ҳали улгурмадик. Шунинг учун, ҳозирча фақат югуриш ва енгил машғулотлар билан бандман.

 -   Балки ўрмонда бирон жойга бокс қопларини илиб қўйса бўлар?

 -  Илиш учун уларни олдин олиш керак. Ўзингизга маълум ҳозир барча компанияларда муаммолар бор. Ҳаммаси тугаганидан сўнг, балки жаҳон чемпиони сифатида менга бокс қопларини совға қилишар... Ҳозирча бундай машғулотлардан дам оляпман. Бунга қадар, тўрт ой қоплар билан ишлагандим.

  - Сиз март ойида айтгандингиз-ки, коронавирус пандемияси бошланиши сабабли Америка Қўшма Штатларида озиқ-овқат масаласида муаммолар бўлаётганини. Россияда ҳам шундай ҳолатми?

-  Бу ерда сал бошқачароқ. Ундай муаммолар йўқ. Агар Америкада магазинга 3-4 харидордан киритишиб, яна 5-6 таси кўчада навбат кутиб туришадиган бўлса, бизда барча харидорларни муаммосиз ичкарига киритишади. Катта магазинларда касса олдида 10 тагача харидорлар навбатда туришади. Барча озиқ-овқат маҳсулотлари бисёр. Фақат нарх-навода фарқ бор.

  -  Ўзбекистонлик Қудратилло Абдуқаҳҳоров билан май ойида бўлиб ўтадиган жангингиз қолдирилди. Ушбу жанг қачон бўлиши ҳақида нима дея оласиз?

- Ҳозирча аниқ маълумотим йўқ. Бевосита интернет орқали гувоҳ бўлдим, Боб Арум BBC билан трансляцияларни июнь ойидан бошлашларини таъкидлади. Умид қиламанки, август ойига бориб бизнинг жангимиз бўлиб ўтади. Бу барибир аниқ маълумот эмас.

- Ўзбекистонлик рақибингиз ҳақида нималарни биласиз?

- Биз унинг барча жангларини кўриб чиқдик. Кучли ва яхши жангчи. Мағлубиятсиз сериясини давом эттирмоқда. Шунинг учун ҳам IBF рейтингида 1-ўринда турганлиги ажабланарли эмас. У оёқларида жуда яхши ҳаракат қилади. Собиқ Иттифоқ мактабидан қолган яъни қарши ҳужумлардан ташкил топган услуб... Унинг кўп серияли зарбалари бор ва ҳали бирор марта нокдаунга ҳам учрамаган. У жуда бақувват жангчи.

куди

 - Собиқ Иттифоқ бокси мактабининг аъзоси билан биринчи жангингиз бўлади. Шунинг учун, бу жанг олдингиларидан қайсидир жиҳати билан фарқ қиладими?

 -  Албатта, сабаби америкалик боксчилар оёқларида унчалик кўп ҳаракатланишмайди. Тўғри, менинг унданда жиддий рақибларим ҳам бўлган. Масалан, Майки Гарсия, оёқларида яхши ҳаракатланадиган, тез зарбага эга эди. Биз барчасига тайёрмиз. Жангга оид режаларимиз ҳам бор. Бу тўқнашувга  обдон тайёргарлик кўрганмиз. Қолаверса, қайтиб учиб боришим билан тайёргарликни яна давом эттирамиз.

  - Ўртага тикиладиган IBF йўналишининг вақтинчалик чемпиони унвони келажакда қандай имкониятларга йўл очиши мумкин?

 - Ҳозир бу йўналишда жаҳон чемпиони Эррол Спенс ҳисобланади. Шунинг учун, мазкур жанг ғолиби билан чемпионлик титулини ҳимоя қилиши ёки камарни топширишига тўғри келади. Шунга қўшимча вақтинчалик камар эгаси ва бошқа титуллари бор. Камарларни бирлаштириш жангларида анча жиддий рақиблар билан учрашиши мумкин. Агарда улар хоҳиш билдиришса... Ўзингизга маълум, ҳозирги чемпионлар Теренс Кроуфорд, Менни Пакьяолардир, улардан ташқари яна бошқа яхши боксчилар кўп.

 - Кўпгина мутахассислар, Эррол Спенс (26-0, 21 КО), бошқа рақибларга қараганда анча кучли эканлигини таъкидлашмоқда. Сиз ярим ўрта вазн тоифасидаги америкалик боксчини тахтдан ағдаришга тайёрмисиз?

 - Албатта, мен у билан жанг қилишни хоҳлардим. Ҳозир ўз тренером Джо Гуссен билан машғулот олиб бормоқдаман ва бизнинг тайёргарлигимиз савияси умуман бошқача. Мен ўз олдимга жиддий мақсад қўйганман. Гуссен билан биргаликда тайёргарлик кўриб, албатта ғалаба қозонаман деб ўйлайман. 

-   Спенс сингари боксчилар билан жангда ўз устунлигингизни нимада деб ўйлайсиз? 

 -   Майки Гарсия: “Мен Спенсга қараганда кучлироқ зарбалар бераман” - деганди. Балки, аниқроқ ёхуд ўз вақтида. Такроран таъкидлайман:  мен ҳозир Джо Гуссен қўл остида тайёргарлик кўрмоқдаман ва профессионал боксда куч тўпламоқдаман. Аввал Бадди Макгирт қўл остида шуғулланганман ҳамда у менда бор имкониятни ривожлантирган. Джо Гуссен эса менга кўпроқ ёқадиган ва менга тўғри келадиган услуб  - яқин ҳамда ўрта масофаларга кўпроқ эътибор беради. Яъни Америкада  буни - “мексиканча” услуб дейишади.  У, кўпроқ олдинга бориб зарбалар бериш ва ҳимояланиш, шуларнинг ҳаммасини ўргатади. Ҳозирча ўсиш жабҳасида турибман ҳамда унинг билан биргаликда яхшироқ бокс тушишни ўзлаштираман деб ҳисоблайман. Спенс бу ҳолатга тайёрми йўқми, билмадим.  

 -  Гуссен билан анчадан буён ҳамкорлик қилаяпсизми?  

-  Джо Гуссен билан ҳамкорлигим Ламонт Питерсон билан жангимдан бошланган. Ушбу тўқнашув “Йил жангги” номинациясига кирган. Иккинчи жангимизда филиппинлик боксчини нокаут қилганман. Бор йўғи бир ярим, икки йил ҳамкорлик қилаётганлигимизга қарамасдан, иккита жангда икки нокаут қайд этдик.

 BoxRec сайтидаги “Самурай” лақабингиз нимани англатади. Нимага асосан бу лақабни беришган?

 -   Билмадим. Мен шуғулланган “Банзай” клубидаги йигитлар менга шу лақабни беришган. Балки кўпроқ осиёликларга ўхшашлигим ва ҳеч қачон ортга чекинмасдан муштлашганим учундир, 14 ёшлигимда ўзимдан катта 18-20 ёшдаги болалар билан ҳам урушаверардим.

Манба:Sports.kz

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!