Рўзиқул Бердиев: "Чемпионлик ҳақида гапиришга ҳали эрта, Лима бугун жуда ҳам муҳим голни киритди"
Ўзбекистон Суперлигаси 22-туридан ўрин олган "Қизилқум" - "Насаф" учрашуви ниҳоясига етди. Унда меҳмонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Беллашувдан сўнг ҳар иккала жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Қуйида "аждарлар" устози Рўзиқул Бердиевнинг фикрлари билан танишиб чиқинг:
"Табрик учун раҳмат! Бугунги рақибимиз жуда ҳам тажрибали ва кучли эди. Қолаверса, биз уларнинг майдонида ҳаракат қилдик. Биз учун ўта муҳим баҳс эди.
Ғалаба зарурлигини футболчилар яхши тушунган ҳолда, майдонга тушишди. Албатта, асабий учрашув бўлди. Бироқ асосийси, натижа учун боримизни бердик.
Ўйинга келадиган бўлсак, рақибимиз кўпроқ ҳимояланди. Легионер футболчиси билан қарши ҳужумга ўтишга ҳаракат қилди. Лекин ҳимоячиларимиз уни тўхтата олишди.
Фақат бир вазиятда у яккама-якка ҳолатга чиқиб кетди ва дарвозабонимиз хавфни бартараф этди. Ўша ҳолат голга айланганда, баҳс янада қийин бўларди биз учун.
Иккинчи бўлимда тўлиқ ҳужумга эътибор қаратдик. Сабаби, бизга ғалаба муҳим эди. Ўйлашимча, кучли рақиб майдонида ўта керакли 3 очкони қўлга киритдик.
- Бугун Лима Круз чемпионлик голини урди, дея оласизми?
- Чемпионлик ҳақида гапиришга ҳали эрта. Ҳали қийин беллашувларимиз бор. Айтиш керакки, Лима бугун жуда ҳам муҳим голни киритди. У охирги ўйинларда жамоага катта ёрдам бермоқда. Футболчимиз рақибларга босим ўтказмоқда, ҳужумда фаол ҳаракат қиляпти. У бугун катта ишни бажариб берди.
- Охирги ўйинларда Эшмуродовни "либеро" (эркин ҳимоячи) сифатида ўйнатиб келаётган эдингиз. Нима учун бу сафар Ғайбуллаевни синаб кўрдингиз?
- Эътибор берсангиз, олдинги учрашувларимизда Давронов, Ғайбуллаев ва Алиқулов учлик сифатида ҳаракат қилаётганди. Умар олдинроқда тўп тепаётганди. Алибек (Давронов) нинг йўқлиги сабаб Эшмуродовни орқага қайтариб, Алиқулов, Эшмуродов ва Ғайбуллаев билан уч ҳимоячи бўлиб ҳаракат қилдик.
Охирги вазиятларда ўйин шуни тақозо этди. Яъни, Эшмуродов олдинроққа ўтишга мажбур бўлди. Унда ҳужумни бошлаб бериш қобилияти бор. Баъзида ундан ҳужумларга қўшилишни талаб қиламиз", - деди қаршиликлар бош мураббийи.
Фикрлар