
Рўзиқул Бердиев: "Жамоа ўйинини янада кучайтирадиган ўйинчиларни чақирмоқчимиз"
“Насаф” клуби Суперлиганинг 13-турида Ғузорда “Машъал”га қарши майдонга тушди ва 1:3 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. Учрашувдан кейин “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев фикрлари билан ўртоқлашди.
- Ғалабага эришдик, бу биз учун жуда муҳим эди. Уч очкони олиш жадвалга яхши таъсир қиладиган нарса. Йигитларимиз ғалаба учун ўйнади. Ўйинни яхши бошладик, назоратимиз ҳам кўнгилдагидек эди. Иккинчи бўлимда бироз ташаббусни “Машъал”га бериб қўйдик. Бунинг эвазига гол ўтказдик. Шунга қарамасдан жамоамни ўзига бўлган ишончи бор эди. Ўзгаришлар, баъзи тактик юришларимиз иш берди.
- Умар Эшмуродовни алмаштириб юбордингиз. Бу уни кўп хато қилгани билан боғлиқми?
- Йўқ, жароҳат олди. Ечиниш хонасига борганимда ўйнашга қийналяпман деди. Мажбурий ўзгариш бўлди.
- Ислом Кенжабоев билан тузилган шартнома бекор қилинди. Унинг кетишини қандай қабул қилдингиз? Бу ҳол кутилганмиди?
- Кенжабоев жароҳат олиб, деярли бир йил давомида ўйнамади. Клуб билан бирга бўлиб турди. Жароҳатидан кейин уни ўйинларга жалб қилиб, формасини тиклашимиз керак эди. Лекин у кўпроқ ўйнашни хоҳлади. Шунинг учун кетишга қарор қилди. Ўзаро келишиб, футболчига омад тилаган ҳолда хайрлашдик.
- Давралар оралиғида “Насаф” ҳам қандайдир ўзгаришларга қўл урадими? Кўзга ташланган камчиликларни ёпиш учун футболчи изласа керак...
- Бу жараён давом этяпти. Нуқталар бўйича 2-3 та футболчи олишни режалаштиряпмиз. Биз жамоа ўйинини янада кучайтира оладиган ўйинчиларни чақирмоқчимиз.
- Қайси позицияларга?
- Буни ҳозир айтмай қўя қолайлик. Режамизда камида 2 ёки 3 та ўйинчи олмоқчимиз. Кўпроқ легионерларга эътибор қаратяпмиз. Бу амалга ошса сизларга етказамиз.
- ОАВда Азиз Ғаниевни клубга қайтиши ҳақида хабарлар чиқди...
- Йўқ, Азиз бўйича ҳеч қанақа масала туғилмади. Ғаниевни яхшигина шартномаси бор. Менимча, фаолиятини БААда давом эттиради.
Фикрлар