Рўзиқул Бердиев: "Кўнглим тўлмаганлари захирада ўтирибди"
Суперлиганинг 8-туридан ўрин олган “Сурхон” – “Насаф” (0:1) учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида қатнашди.
- Бугунги ўйинда биз “Сурхон”га тўпни бериб иккинчи рақам бўлиб ўйнадик. Шунга қарамай, рақибга қараганда кўпроқ вазият ярата олдик. Биз кўпроқ ҳимояланган бўлсак ҳам асосийси, ғалабага эришдик. Ҳар бир уч очко жамоамиз учун жуда муҳим. Шунинг учун бугун эътиборимизни натижага қаратиб ўйнадик.
- Айтиб ўтганингиздек, бугун кўпроқ ҳимояландинглар. Ўтган сафар “Бунёдкор” 8-9 та ўйинчиси билан ҳимояланганлигини таъкидлагандингиз. Бу ўйиндаги иккинчи рақам бўлиб ўйнаш қарори ўйин давомида келдими ёки олдиндан ўйланганмиди? Бугунги учрашувни режаси сизни қанчалик қониқтирди?
- Бу режамизда бор эди. Чунки “Сурхон” жамоасини биласизлар, тўп билан ўйнашни ва тўп билан муомала қилишни яхши кўради. Биз ўйинимизда шунга эътибор қаратгандик. Йигитларга “Сурхон” тўп билан муомала қилганида биз кескинроқ ўйнаб, қарши ҳужумларга тезроқ чиқишимиз талаб қилинишини айтгандим. Баъзи вазиятларда буни амалга оширдик, аммо айрим паллаларда оқсадик. Асосийси, дарвозамиз яқинида “Сурхон”га имконият қолдирмаслигимиз керак эди. Менимча, буни амалладик. Агар охирги вазиятни ҳисобга олмасак, рақибда деярли голга яққол тортадиган вазият бўлмади. Режамизда бор нарсани амалга ошира олдик.
- Зафармурод Абдираҳматов кўринмади. Жароҳати борми ёки ротация билан боғлиқми?
- Бизда муаммоли вазиятлар бўляпти. 4 та ҳимоячимиз жароҳатда, 2 та марказий ҳимоячимиз. Шунинг учун Акмал Мозговойни орқага туширишга мажбур бўляпмиз. Бу ҳам ўйинимизга бироз таъсир қиляпти. Йигитлар сафимизга қайтганида янада кучлироқ бўламиз. Зафармурод биз билан 10 кунча машғулотларда қатнашмади. Кеча сафга қайтди. Бугунги учрашувга уни жалб қилиш учун таваккал қилмадик. Енгил жароҳати борлиги учун даволанди.
- Ўтган сафар Алибек Давронов жароҳат олганди. Яна йўқотишлар борлигини айтяпсиз. Мана шундай қийин ҳолатдаги ўйин ва натижадан қанчалик кўнглингиз тўляпти?
- Албатта, ҳар қандай етакчини ўзингиз истаган позицияда бўлмагани жамоага таъсир қилади. ОКМК билан ўйинда Алибек Давронов билан Ғолиб Ғайбуллаев марказий ҳимояда ўйнаганида муаммолар кўрмагандик. Алибек чиқиб кетганидан кейин муаммони кўрдинглар. Улар биз учун муҳим. Ўйлайманки, кейинги учрашувларда бизга ёрдам бера олади, деб умид қиламиз. Акмал барибир марказий ярим ҳимоячи. Тўғри, у биз юклаган вазифани бажариб беряптию, лекин барибир марказий ҳимоячи бўлиб ўйнашда унда тажриба камроқ. Мажбур бўлганимиздан Акмални ўша жойга қўйяпмиз ва у бугун вазифани бажариб берди.
- “Насаф” мавсум аввалида бир қатор ҳужумчиларни сафига қўшиб олди, иккитаси легионерлар. Лекин ўтган сафар ҳам айтилганидек, вазиятлардан фойдаланишда оқсалмоқда. Ҳужумчилардан қанчалик кўнглингиз тўляпти?
- Кўнглим тўлмаганлари захирада ўтирибди. Зоранни бошқаларга нисбатан фойдаси кўпроқ тегяпти.
Фикрлар