Рўзиқул Бердиев: “Насаф” ҳеч қачон бир ўйинчига боғланиб қолган эмас

Ўзбекситон кубоги-2016 финал учрашуви олдидан ҳар иккала жамоа вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжуманининг дастлабки қисмида “Насаф” жамоаси бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ҳамда жамоа дарвозабони Элдорбек Суюновлар иштирок этишди. Бу ҳақда “Насаф” матбуот хизмати хабар бермоқда.

- Финал ўйини ўзларингиз биласиз, бир ўйиндан иборат. Шунинг учун ҳар иккала жамоа ҳам фақат ғалаба учун майдонга тушади. Эртага мухлислар жамоаларнинг фақат ғалаба учун эмас, балки мазмунли ва чиройли ўйинига гувоҳ бўлишларига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Ҳар иккала жамоа ҳам бунга қодир. Албатта биз амалдаги кубок соҳибимиз, шунинг учун эртага бўладиган ўйинда бу кубокни ўзимизда сақлаб қолиш учун ҳаракат қиламиз. Барча футболчиларимиз бу ўйинга тайёр.

Элдорбек Суюнов: - Эртага фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Чунки, йил бошида мақсад қилган эдик, минимум ўтган йилги натижани такрорлаш учун. Бунга бизда имконият бор, эртага шу мақсадни амалга ошириш учун майдонга тушамиз.

Рўзиқул Бердиев: -Финал учрашувлари кейинги пайтда пойтахтда эмас, бошқа шаҳарларда ўтказилаётгани ҳаммага маъқул келмоқда. Мана ўзларингизга маълум, ўтган йили Жиззах шаҳридаги финал ажойиб муҳитда ўтди. Стадион мухлисларга тўлиб тошди. Энди бу йил финал учрашуви Самарқанд шаҳрида ўтказилаётгани янада ажойиб бўлди. Бу қарор тўғри қабул қилинган деб, ўйлайман. Эртага ҳам бу ерда финал ажойиб тарзда ўтишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Чунки, Самарқанд аҳли ҳам футболни жуда севишади.

Жамоамизнинг Самарқанд шаҳрида мухлисларини кўплиги бизни хурсанд қилади. Чунки, биз ён қўшнилармиз. Шунингдек жамоамизнинг мамлакатимизнинг бошқа жойларида, айниқса водийда ҳам кўплиги, бизнинг кучимизга куч қўшади. Жамоамизда ҳеч қандай йўқотишлар йўқ. Боя айтиб ўтдим, ҳамма футболчиларимиз ўйинга тайёр туришибди. Улар ўзларини ҳар томонлама кўрсатишга тайёр туришибди.

Жамоамиз ҳозир ҳар қандай рақиб билан ўйнашга тайёр. Йигитларимиз руҳий ва бошқа томондан ҳам бу финалга тайёр туришибди. “Локомотив” жамоасида жуда кучли ва катта маҳоратга эга футболчилари бор, бекорга улар бу йил чемпион бўлишгани йўқ. Улар бунга лойиқ эдилар ва мавсум давомида шунга мос ўйин намойиш этишди. Аммо бу финал, финалда жамоалар тенг имкониятга эга бўлишади. Биз “Локомотив” жамоасини жуда яхши ўрганиб чиқдик, эртага финалга мос ўйин ташкил қиламиз деган, умиддаман.

“Насаф” жамоаси ҳеч қачон бир ўйинчига боғланиб қолган жамоа эмас. Бундай ўйлайдиганлар адашади. Олдин ҳам, ҳозир ҳам шундай. Бизда 20 нафарга яқин маҳоартли ўйинчилар бор, уларнинг ҳар биридан хавфли ўйин кутиш мумкин.

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!