Рўзиқул Бердиев: "Қийин ўйинлардаги ғалабалар мана шундай жароҳатлар орқали қўлга киритилади"

Бугун Суперлиганинг 11-туридан ўрин олган сўнгги учрашув бўлиб ўтди. “Қўқон-1912” – “Насаф” ўртасидаги учрашувда меҳмонлар 1:2 ҳисобида муҳим ғалабани қўлга киритди.

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев иштирок этди.

- Кучли рақибни майдонида қийинчилик билан уч очкони қўлга киритдик. Бу ўйин биз учун жуда муҳим эди. Бугунги ғалабамизга асосий омиллардан бири тезкор голимиз ва ҳимояда эътиборли ўйнаганимиздир. Кўрдинглар, иккинчи бўлимда қўқонликлар катта куч билан ҳужумга ўтди. Ҳимоямиз ва дарвозабонимиз ўз позицияларида мустаҳкам турдилар.

- Дарвозабон Умид Эргашевнинг аҳволи қандай?

- Ҳозир айтишди, жароҳати бироз жиддийроқ дейишди. Лекин бу – футбол. Ўйлайманки, у жамоани қутқараман деб шундай вазиятга тушиб қолди. Умид қиламанки, барчаси яхши бўлади. Қийин ўйинларда очколар мана шундай жароҳатлар орқали қўлга киритилади. Бу ҳам футболнинг бир қисми. Ҳаммаси жойида бўлади.

- Иккинчи бўлимда жамоангиз кўпроқ вақт чўзишга ҳаракат қилгандек бўлди, бу сизнинг кўрсатмангизмиди?

- Йўқ, бу кўрсатма эмасди. Аммо иккинчи бўлимда 0:2 ҳисобидан кейин ҳимояга кўпроқ эътибор қаратишимиз керак эди. Вақт чўзишни атай қилишди деб ўйламайман. Ютқазадиган жамоага бундай ҳоллар оғирроқ ботади. Аммо ғалаба қозониш учун ҳаммасига тайёр бўлиш керак. Ҳеч бир вазиятда футболчиларимиз атайин ўйинни чўзгани йўқ ёки биз ечиниш хонасида уларга ўйинни чўзинглар деб айтмаймиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!